Йўл равон – манзил яқин
Мамлакатимизда замонавий транспорт-коммуникация тизимларини ривожлантириш, муҳандислик-инфратузилма объектлари барпо этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда замонавий транспорт-коммуникация тизимларини ривожлантириш, муҳандислик-инфратузилма объектлари барпо этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.Президентимиз Ислом Каримов қарорига мувофиқ қабул қилинган 2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурининг ижроси бу борада амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Ушбу дастурда автомобиль йўллари қуриш ва реконструкция қилиш, темир йўл ва ҳаво транспортини янада ривожлантириш, электр ва сув таъминоти тизимларини модернизациялаш, иқтисодиёт тармоқларига илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича кенг кўламли вазифалар белгиланган.
Мазкур дастур асосида Жиззах вилояти, жумладан, Ғаллаорол туманида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 50 километрга яқин ички йўллар таъмирланиб, қарийб 2 километр йўлга асфальтбетон қопламаси ётқизилди.
Туманнинг йирик аҳоли манзилларидан бири Қоранғул қишлоғидан Жиззах-Ғаллаорол йўлигача бўлган 3 километрлик йўл таъмирланди, яроқсиз ҳолга келиб қолган 785 метр қисми асфальтбетон билан қопланди. Сангзор дарёсидан ўтувчи кўприк ўтган йили замонавий тарзда қайта қурилди. Айниқса, Оқтош қишлоғидан Тошкент-Термиз автомобиль йўлигача бўлган 38 километр йўл жорий таъмирдан чиқарилгани Кориз, Муқри, Жума каби яна ўнлаб қишлоқлар аҳолисига катта қулайлик яратди.
Туман ҳудудидан 30 километр халқаро, 176 километр республика ва 96 километр маҳаллий аҳамиятдаги йўл ўтади. Йўлларнинг асосий таъмирталаб қисми маҳаллий аҳамиятдаги йўллардир.
– Илгари қишлоқ йўлларининг шағал асосли қатлами талаб даражасида зичланмагани ва белгиланган қалинликда ётқизилмагани учун тезда яроқсиз ҳолга келиб қоларди, – дейди Ғаллаорол тумани йўл хўжалиги пудрат-таъмирлаш ва фойдаланиш ташкилоти бош муҳандиси Асад Маматов. – Бугун бу ишлар замонавий талаблар асосида сифатли амалга оширилмоқда. Хусусан, шағалли қатлам ва асфальтбетон қоплама зичланган қаттиқ асосга ётқизилиши унинг сифатини янада оширади.
Умумий фойдаланишда бўлган ва ички хўжалик йўлларини қайта қуриш ва таъмирлашга Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан ташқари маҳаллий бюджет ва ҳомий ташкилотлар маблағлари ҳам жалб этилмоқда. Масалан, Қангли қишлоғидан туман марказига кирадиган бир километрдан зиёд йўл ва шунча узунликдаги кўча тадбиркорлар маблағи ҳисобидан, 3,3 километр ички йўллар эса хусусий қурилиш ташкилотлари томонидан мукаммал таъмирланди.
Амалга оширилаётган бундай кенг кўламли бунёдкорлик ишлари мамлакатимиз иқтисодиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.