Йўл қоидаси – умр фойдаси
Навоий вилояти Қизилтепа туманида бошланғич синф ўқувчилари ўртасида “Йўл қоидаси – умр фойдаси” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.
Навоий вилояти Қизилтепа туманида бошланғич синф ўқувчилари ўртасида “Йўл қоидаси – умр фойдаси” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қизилтепа тумани ўқув спорт техника клуби томонидан ташкил этилган тадбирда йўл ҳаракати хавфсизлиги мутахассислари, 22-умумтаълим мактаби ўқувчи-ёшлари иштирок этди.
Ўқувчи-ёшларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги борасидаги билимини ошириш, бу орқали улар иштирокида йўл ҳаракати билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш мақсадида ташкил этилган тарғибот тадбирида йўл ҳаракати қоидалари, йўл белгилари, қоида ва белгиларга амал қилишнинг аҳамияти ҳақида сўз борди.
Айни пайтда йўлларда ҳаракатланаётган йўловчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этмоқда. Аксарият таълим муассасалари эса бевосита йўл ёқаларида жойлашган. Бу ўз навбатида таълим муассасаларида йўлда тўғри ҳаракатланиш билан боғлиқ қўшимча тушунтириш-тарғибот тадбирларини олиб боришни талаб этади.
Тадбирда иштирокчиларга чорраҳаларда тўғри ҳаракатланиш жараёни амалий жиҳатдан тушунтириб берилди. Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб қонунчилигимизга йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигига оид амалга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан маълумот берилди.
– Пиёдалар ҳаракатланиш қоидасини бузган ҳолатда авваллари фақатгина оғзаки огоҳлантирилган бўлса, 2019 йилдан бошлаб уларга нисбатан ҳам жарима қўлланила бошлади, – дейди туман ЎСТК ўқитувчиси Э.Охунов. – Агар қоида бузувчи ўқувчи бўлсачи? Ундай ҳолатда ҳам ўқувчи албатта жаримага тортилади ва жарима уларнинг ота-онасига нисбатан қўлланилади.
Қизилтепа тумани ЎСТК бошлиғи ўринбосари Р.Тошева ўқувчиларни йўлларда тартибли ва қоидаларга амал қилган ҳолда ҳаракатланишга чақириб, “Ватанпарвар” ташкилоти тизимида ёшлар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди.