Йўл ҳаққи ошишига йўл қўйилмайди
Натижада жамоат транспортлари камайиб, бундан баъзи ноинсоф ҳайдовчилар йўлкира нархини кескин кўтариб олди.
Коронавирус пандемиясининг аҳоли орасида кўпайиб кетишини олдини олиш мақсадида карантин талабларини кучайтирилганлиги сабабли мамлакатимизнинг барча вилоятларда автотранспорт воситаларида белгиланган вақт (соат 7:00-10:00 – 17:00-20:00)дан ташқари махсус рухсатномаларсиз ҳаракатланиш тақиқланган.
Натижада жамоат транспортлари камайиб, бундан баъзи ноинсоф ҳайдовчилар йўлкира нархини кескин кўтариб олди. Бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Кўпчилик фуқароларимиз доимий даромад манбаидан маҳрум бўлган карантин шароитида одамларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини инобатга олган ҳолда, йўлкира ҳаққини ошиб кетмаслигини таъминлаш бугуннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб турибди. Эл бошига иш тушган синовли кунлардан фойдаланаётган айрим йўналишсиз такси ҳайдовчиларининг йўлкира нархларини бир неча баробарга ошириб юбориши тўғримикан?
Сирдарё вилояти транспорт бошқармаси инспекторлари ҳамда вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва бошқа мутасадди идоралар ходимларидан шакллантирилган махсус ишчи гуруҳи аъзолари томонидан қўшма рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Ҳайдовчи ва шу жумладан, йўловчиларни ҳам карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда ҳаракатини амалга ошириш ҳамда йўлкира нархларининг асоссиз равишда ошириб юбормасликлари талаб этилмоқда. Ўзбошимчалик билан фақат ўз фойдаси ва чўнтагини ўйлаётган «учар ҳайдовчилар» эса қонунда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилмоқда.
Карантин даврида белгиланган барча тартиб-қоидаларга ҳар бир ҳайдовчи ва ҳар бир йўловчи риоя этиши шарт этиб белгиланди.
Жумладан, йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ва йўловчилар ўриндиқлари оралиғида шаффоф пластик ёки махсус плёнка бўлиши шарт. Шунингдек, автотранспорт воситаси ҳаракатланаётган пайтда ҳайдовчи ва йўловчилар тиббий ниқобда бўлиши, йўловчилар автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши, йўналишсиз такси ҳайдовчиси фақат ўз ҳудудида ҳаракатланиши шарт.
Бундан ташқари, республика махсус комиссиясининг қарори билан рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.