Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги олдидан кураш бўйича Андижон вилоят прокурори кубоги учун ўтказилган “Xonobod Open” республика очиқ турнири якунига етди.
Юртимизда спортнинг кураш турини оммалаштириш ва ривожлантириш, мустақиллик байрами олдидан юртдошларимиз, кураш мухлисларига хуш ва байрамона кайфият улашиш мақсадида ўтказилган республика очиқ турнирида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан энг кучли курашчилар иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Қатор вазн тоифаларида бир неча кун давом этган кураш мусобақаси қизғин беллашувларга бой бўлди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Бекмурод Олтибоев, Шерали Жўраев, Ботир Холиёров, Шоҳруххон Бахтиёров ўз вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритди.
[gallery-24774]
Ғолибларни тақдирлаш маросимида Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, вилоят прокурори Муродулло Абдуҳакимов қатнашиб, ғолиб ва совриндорларни муборакбод этди, уларга тегишли медаль ва совғаларни топширди.
Турнирда мутлақ вазн тоифасида ғолиб бўлган курашчи Бекмурод Олтибоев “Кобальт” автомашинаси, 2- ўрин соҳиби 40 миллион сўм, учинчи ўринни эгаллаган курашчи 15 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари