Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) спортда тақиқланган моддаларнинг янгиланган рўйхатини эълон қилди.
Ўзгаришлар WADA Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишида маъқулланди ва 2025 йилнинг 1 январь кунидан мазкур тақиқ кучга киришини таъкидлади.
Хусусан, "ксипамид" тақиқланган диуретиклар ва маскаланувчи воситалар қаторига киритилган бўлса, "мидодрин" ва "тезофензин" стимулятор сифатида таснифланди.
Шунингдек, "гуанфацин" эса тақиқланган моддалардан чиқариб ташланади. "Элаcестрант" антиэстрогеник модда сифатида гормонал ва метаболик модуляторлар рўйхатидан ўрин олди.
Шу жумладан, қон топшириш (аферез усули) ва унинг таркибий қисмлари, шу жумладан плазма, эритроцитлар, лейкоцитлар, тромбоцитлар ва периферик қон илдиз ҳужайралари энди тақиқланмайди. Бироқ, бунинг учун улар махсус аккредитацияланган донорлик марказида ўтказилган бўлиши лозим.
Маълумот ўрнида: Тақиқланган моддаларнинг янгиланган рўйхатини www.wada-ama.org сайти орқали тўлиқ билиб олишингиз мумкин.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА