Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида “Болаларни ижтимой ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Ушбу лойиҳа билан 20 та қонун ҳужжатига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Вояга етмаганларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик органи этиб “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари белгиланмоқда. Шунингдек, васийлик ва ҳомийлик бўйича “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вазифа ва ваколатлари белгиланмоқда.

Бундан ташқари, хорижда етим ёки ота-она қарамоғисиз қолган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган вояга етмаган болаларни ватанига қайтаришда консуллик муассасаларининг ролини ошириш бўйича ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги иш ёпиқ суд мажлисида кўришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, хусусан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий асослар яратилади. Вояга етмаган болаларни ота-оналари, таълим-тарбия ва тиббиёт муассасалари ходимлари томонидан уларга ғамхўрлик кўрсатмаслик ёки зўравонликдан ҳимояси таъминланади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА