
Меҳнат кодексига ўзгартиш киритилиб, ходимларга яна бир дам олиш куни белгиланади.
Волонтёрлик фаолиятини янада рағбатлантириш, давлат органларининг волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи субъектлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, ижтимоий вазифаларни ҳал этишда волонтёрларга кўмаклашиш, уларнинг хизматларини эътироф этиш ҳамда тақдирлаш механизмларини такомиллаштириш зарур.
Шу мақсадда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ишлаб чиқилди.
Қонунга Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва уларнинг бажарилишини таъминлаш, шунингдек, ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш бўйича ваколатлар берилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Қонун билан Ёшлар ишлари агентлиги волонтёрлик фаолияти соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи сифатида белгиланмоқда. Шунингдек, давлат бошқаруви органларининг волонтёрликни қўллаб-қувватлаш ва унга кўмаклашиш бўйича ваколатларини аниқ белгилаш назарда тутилмоқда.
Мазкур қонун Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилади.
Сенаторлар ялпи мажлис олдидан куни кеча ўтказилган йиғилишларда мазкур қонунга алоҳида эътибор қаратди.
Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари юртимиздаги волонтёр ёшлар, волонтёрлик гуруҳлари, ташкилотлари фаолиятини кенг тарғиб қилиш, сафларини кенгайтириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан қандай чоралар кўрилаётгани, волонтёрлик фаолияти юзасидан мақсадли давлат дастурлари ишлаб чиқилгани, улар қандай натижалар бераётгани, корпоратив волонтёрликни ривожлантириш бўйича таклифлар ҳамда аниқ мақсад ва режалар мавжудлиги билан ҳам қизиқди.
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида эса “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонунга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Қайд этилганидек, касаба уюшмалари ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш борасида кўплаб ижобий ишларни амалга оширмоқда. Соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан 5 минг 425 нафар ишчи-хизматчининг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 11 миллиард сўмга яқин маблағ ундирилгани меҳнат қонунчилигини таъминлашда касаба уюшмаларининг ўрни муҳим эканининг амалий тасдиғидир.
Меҳнат муҳофазаси бўйича 932 корхона ва ташкилотдаги ходимларнинг ҳаёти ва меҳнати учун хавф туғдириши мумкин бўлган 5 мингдан зиёд камчиликнинг бартараф этилгани бу борада самарали тизим яратилганидан далолат беради.
Ҳозирги вақтда юртимизда касаба уюшмалари тизимида 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатиб, соҳа бўйича 6,7 мингдан зиёд ходим ва 300 мингга яқин фаоллар фидокорона хизмат қилмоқда. 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни республикамизнинг барча ишчи-ходимлари томонидан муҳим сана сифатида кенг нишонланади.
Шундан келиб чиқиб, Меҳнат кодекси 208-моддасининг биринчи қисмига 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини ишланмайдиган байрам куни сифатида белгилашга қаратилган ўзгартиш киритилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА