Волейболчи қизлар тақдирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Аввал хабар қилинганидек, волейбол бўйича аёллар ўртасида ўтказилган ХХХ Ўзбекистон чемпионати В тур Pley-off ўйинларида Наманган давлат университетининг волейбол жамоаси 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль совриндорига айланди.
Наманган давлат университетида чемпионат ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мусобақа ғолиби бўлиш, юракларга ғурур бағишлайди. Кўксига ғолиблик медали тақилаётган лаҳзаларда спортчининг машғулотлардаги тинимсиз меҳнат ва машаққатлари унут бўлади. Юзларидаги қувонч вужудлардаги шижоатни янада оширади. Албатта, ғолиблик спортчи учун чегара эмас. У айни дақиқаларда янада юксак марраларни кўзлайди.
[gallery-14340]
Қувонарлиси, мамлакатимизда спортни ривожлантиришга берилаётган эътибор туфайли юртимиз ёшларининг соҳадаги ютуқлари салмоғи ҳам ортиб бормоқда.
Маросимда университет ректори Собитхон Турғунов сўз олиб, жамоа аъзоларини юксак ғалаба билан қутлади. Талабаларнинг спорт соҳасида эришаётган муваффақиятларини эътироф этиш билан бирга, волейболчи қизлар ғалабаси университет тарихида илк бор қайд этилган юксак натижа эканини мамнуният билан таъкидлади.
Ректор жамоанинг ҳар бир аъзоси ҳамда мураббийларга фахрий ёрлиқ ва 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотларини топширди.
Бундай эътибор ва рағбат спортчи ёшларни янада юксак марралар сари руҳлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА