Волейбол: Эътибор ортидаги юксалиш
Волейбол бўйича Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” спорт мажмуасида ўтказилган Ўзбекистон суперкубоги баҳслари ҳар жиҳатдан юқори даражада ташкил этилганлиги билан кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.
Аҳамиятлиси, авваллари номигагина ташкил этилган мазкур мусобақа бу йил том маънода мамлакатимиз волейболчилари учун катта тантана кўринишини олди. Аёллар ва эркаклар жамоаларининг кучлилари ўртасидаги муросасиз беллашувлар қизиқкарлилиги ва кутилмаган натижалари билан алоҳида ажралиб турди.
Суперкубокнинг аёллар ўртасидаги баҳсларда Нукус давлат педагогика институти волейболчи қизлари ҳар икки ўйинда мамлакат чемпиони ҳамда кубоги соҳиби СКУФ жамоасини ишончли тарзда мағлуб этди ва суперкубокни қўлга киритди.
Эркаклар ўртасидаги баҳсларда амалдаги Ўзбекистон чемпиони ва кубоги соҳиби Самарқанднинг “Ўзтелеком” жамоаси Олмалиқнинг ОТМК жамоаси билан куч синашди. Дастлаб самарқандликлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Аммо кейинги партияларда ташаббускорлик кўрсатган олмалиқликлар “Ўзтелеком”ни аввалига 1:3, кейин 0:3 ҳисобида доғда қолдириб, Ўзбекистон суперкубоги-2021 соҳибига айланди.
Баҳслар якунлангач, Олмалиқда жорий мавсум ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Чемпионат якунларига кўра, эркаклар ўртасида олтин медалга “Ўзтелеком”, кумуш медалга ОТМК ва бронза медалига Ўзбекистон чемпионати дебютанти «Миллий гвардия» жамоаси сазовор бўлди.
Аёллар ўртасида эса олтин медаль СКУФ жамоасига, кумуш ва бронза Нукус давлат педагогика институти ҳамда Андижон вилояти терма жамоаси қизларига насиб этди. Шунингдек, маросимда 9 та номинация бўйича ҳам энг яхшилар Ўзбекистон волейбол федерацияси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан муносиб тақдирланди.
– Бу йилги мусобақалар ҳар жиҳатдан кўтаринки ўтган бўлса-да, ўтказилган мусобақалар, амалга оширилган ишлар Ўзбекистон волейболини халқаро майдонга олиб чиқиш учун пойдевор вазифасини ўтади. Йил мобайнида хафтанинг бирон бир кунини бесамар ўтказмадик. Ташкил этилган мусобақалар, эришилган натижалар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон волейболи катта истиқболга эга. Бунинг учун эса селекцион турнирларни доимий тарзда ўтказишимиз, чемпионат ва биринчиликларнинг узлуксизлигини таъминлашимиз лозим. Рақамларга эътибор қаратсак, ўтган йиллари юртимиз волейболчилари чет элдаги 1-2 та турнирда қатнашган бўлса, бу йил 4-5 та халқаро мусобақада, қитъа чемпионатларида, саралаш ва ўртоқлик ўйинларида иштирок этдик. Муҳими, волейбол жамоаларимизнинг тажрибаси ошмоқда. Келгусида ниятимиз нафақат халқаро мусобақаларда қатнашиш, балки ғолиблик шоҳсупасидан жой олишни режалаштирмоқдамиз, – дейди Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Ҳусан Насруллаев.
Дарҳақиқат, ўтаётган 2021 йил мобайнида юртимиздаги барча ёш тоифалари бўйича жамоалар волейбол мусобақаларига қамраб олинишига ҳаракат қилинди. Бунга қайсидир маънода эришилди. Бунинг натижасида ўнлаб истеъдодлар аниқланди. Турли ёш тоифасида волейбол жамоалари шакллантирилди. Қисқа фурсатда йил давомида юртимиз волейбол жамоалари 6 та Марказий Осиё чемпионатларида 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалларига мушарраф бўлишди. Бу, Ўзбекистон волейболининг ёрқин ғалабалари пойдеворига қўйилаётган мустаҳакам тамал тошидир.
Қолаверса, 2021 йилдан эътиборан мамлакатимизда соҳил волейболи бўйича мусобақалар ўтказилиши йўлга қўйилганлиги диққатга сазовор ходиса бўлди. Ўзбекистон волейбол федерацияси 2022 йилдан қиш мавсумида қордаги волейбол мусобақаларини ўтказишни ҳам режа дастурига киритганки, бундай қамровга эришиш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, кучли волейбол жамоаларини шакллантириш тизимини янада ривожлантиришга ўзига хос тарзда ҳисса қўшади, деган умиддамиз.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА