Воҳанинг барча миллат вакиллари жам бўлди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятида “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида дўстлик фестивали ўтказилди. Унда воҳадаги тожик, рус ва туркман миллий маданий марказларининг вакиллари ҳамда украин, қозоқ ва қорақалпоқ миллатига мансуб фуқаролар ўзларининг миллий қўшиқ ва рақслари билан йиғилганларга хурсандчилик улашди.
[gallery-24559]
“Миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт” шиори остида ташкил этилган тадбир очилишида сўз олганлар мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланганлигини эътироф этди. Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари қонун йўли билан ҳимояланганлиги, уларнинг анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун барча шароитлар яратиб берилганлиги таъкидланди.
Юртимиздаги миллатлараро дўстлик, барча миллат вакилларининг эмин-эркин фаолияти, интилишлари тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмада ўзига хос тарзда акс эттирилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА