Андижон давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Рустамбек Шамсутдинов раҳбарлигида 2016 йилдан буён чоп этиб келинаётган “Водийнома” ижтимоий-тарихий, илмий ва оммабоп журнали ўтган қисқа вақт давомида юртимиз тарихини кенг ёритиб келаётган нашрлардан бирига айланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация комиссияси раёсати қарори билан тарих фанлари бўйича илмий журналлар рўйхатига киритилган мазкур нашрда юртимиз тарихининг Чор Россияси, қизил империя ҳукмронлиги даврлари ҳақида, айниқса, қатағон қурбонлари даврига оид ҳали кенг жамоатчиликка эълон қилинмаган жуда кўп маълумотлар эълон қилинганлиги эътиборга молик.
Журналнинг жорий йилдаги 1- ва 2- сонларида ҳам тарихимиз, тарихий шахслар ҳаёти, фаолияти ҳақидаги қизиқарли материаллар эълон қилинди. Жумладан, Москвадаги архив ҳужжатлари асосида тайёрланган “Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Акмал Икромовнинг фожиали тақдирига оид ҳужжатлар” сарлавҳали мақолада А.Икромовнинг қатағон қилиниши жараёнини акс эттирувчи ва ҳозиргача ўзбек тарихшунослигига номаълум бўлган қатор ҳужжатлар ўзбек тилида тақдим этилган.
Профессор Р.Шамсутдиновнинг “Буюк рус ёзувчиси Лев Толстой билан мулоқотда бўлган Убайдулла Асадуллахўжа ўғли ҳаётидан лавҳалар” номли мақоласида жадидчилик ҳаракатининг таниқли арбоби, Туркистон мухторияти Ички ишлар вазири У.Асадуллахўжаевнинг ҳаёти, Туркистон халқлари озодлиги, ўлкада демократик давлат қуриш йўлида олиб борган кураши ва фожиали тақдирига доир янги маълумотлар баён қилинган.
Мақолада У.Асадуллахўжаев 1909 йил 29 майда буюк рус ёзувчиси Л.Н.Толстойга Саратовдан ёзган мактуб, улуғ адибнинг унга йўллаган жавоби, Убайдуллахўжа Оренбург қамоқхонасида туриб, 1920 йил 4 октябрда III Коммунистик интернационал ижроия комитети аъзоси Карл Радекка юборган хати матнлари ва унинг сиёсий фаолияти билан боғлиқ қатор материаллар эълон қилинган. Докторант Жасурбек Иминовнинг 1920 йил 1 – 8 сентябрь кунлари Бокуда ўтказилган Шарқ халқларининг I қурултойига оид материаллар биринчи марта ўқувчилар эътиборига тақдим этилди. 1938 йил 12 сентябрда И.В.Сталин, В.М.Молотов, А.А.Жданов томонидан имзоланган ҳужжатда ўзбекистонлик 59 нафар қатағон қурбони ҳақидаги маълумотлар “Ўзбекистонлик сиёсий қатағон қурбонлари” рукни остида чоп этилган.

Ўрта Осиё меҳнат-тузатув лагерида жазо муддатини ўтаган маҳбусларнинг оғир ҳаёти, тақдири баён этилган материаллар, ҳужжатлар ўша даврнинг оғир азоб-уқубатларини бошидан ўтказган юртдошларимиз ҳақида кенг маълумотлар беради. Шунингдек, нашрда профессор Р.Шамсутдиновнинг 2022 йилда чоп этилган “Таниқли давлат ва жамоат арбоби Иномжон Хидиралиев ҳаётига чизгилар”, 2019 йилда Алматида нашрдан чиққан “Я себя совершенно не признаю виновным!” китобларига ёзилган тақризлар ҳам жой олган.
Бундан ташқари, журнал саҳифаларида “Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси минорасини сақлаб қолишга доир”, “Бокудаги Шарқ халқларининг I қурултойи ҳақида Россия ва Туркистон матбуоти”, “Элчи Абдураҳим Юсуфзода фаолиятидан”, “Чўлпон таҳриридан ўтган шеър: “Газет чиқди, йўлдошлар!”, “Таниқли жадидчи Мажид Қодировнинг фаолияти ҳақида ҳужжатлар ва материаллар”, “Туркистон муфтийси Заҳириддин аълам – Қатағон қурбони” номли мақолалар ҳам ўрин олган.
“Водийнома” юртимизда 19- аср охири ва 20- аср бошларида олиб борилган миллий озодлик ҳаракатлари, инқилобий ўзгаришлар, жадидчилик ҳаракати, қатағон қурбонлари ҳақидаги тарихий ҳужжатларни кенг жамоатчиликка таништириш баробарида тарих кўзгусига айланмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири