Водийлик ўқитувчилар Самарқанддаги мактабларда дарс беради
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан Фарғонада бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Самарқанд вилоятининг олис ҳудудларидаги малакали ўқитувчиларга эҳтиёж юқори бўлган мактабларга олий ва биринчи тоифали педагогларни жалб қилиш, бу борада бошқармага мурожаат қилган ўқитувчилар билан шартнома имзолаш мақсадида ташкил қилинган тадбирда Фарғона, Наманган ва Aндижон вилоятларидан ўқитувчи-педагоглар қатнашди.
Мамлакатимизда олис ва чекка ҳудудлардаги бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассислар меҳнатини янада рағбатлантириш, бўш иш ўринларини тўлдириш ҳамда жойларда малакали кадрларнинг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 11 январдаги “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бир қатор имтиёзлар белгиланди. Хусусан, ишловчиларга бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик пул компенсацияси ҳамда уй-жой шароитини яхшилаш бўйича имтиёзлар қўлланилади. Шунингдек, иш ҳақига қўшимча устамалар бериш йўлга қўйилган.
Самарқанд вилоятининг олис ҳудудларидаги умумтаълим мактабларида айррим фанлар бўйича ўқитувчиларга эҳтиёж катта. Шу боис ҳам малакали мутахассисларни таълим масканларига жалб этиш чоралари кўрилмоқда.
Халқ таълими вазирлигининг ходимлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Aлберт Ҳасанов, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева, Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Озодахон Раҳмонова бу борада яратилган имкониятлар ҳақида сўз юритди. Суҳбат жараёнида олис ҳудудга бориб ишлаш истагидаги ўқитувчиларнинг саволларига мутасаддилар батафсил жавоб берди.
Ярмарка давомида мурожаат қилган 71 нафар педагогдан малака тоифаси ва салоҳияти инобатга олиниб, 51 нафар талабгор билан Самарқанд вилоятидаги Нуробод, Қўшработ ҳамда Каттақўрғон туманларининг олис ва "қизил" тоифадаги мактабларида ишлаш учун шартномалар тузилди. Уларнинг 22 нафари олий тоифали, 29 нафари биринчи тоифали инглиз тили, она тили ва адабиёт, биология ва кимё ҳамда математика ва физика фанлари ўқитувчиларидир.
М. Сулаймонов, ЎзА