Водилда ижодкорлар жам бўлди
Шеърият оламининг ложувард сатрлари инсонларни яхшиликка, меҳр-муҳаббатга, эзгу ишларга ундайди.
Шеърият оламининг ложувард сатрлари инсонларни яхшиликка, меҳр-муҳаббатга, эзгу ишларга ундайди. Фарғона туманининг Водил қишлоғида бўлиб ўтган “Дийдор ширин” деб номланган тадбирда ҳам бу яна бир бор намоён бўлди. Бу тадбир юртимиз ва қўшни давлатларнинг ижодкорларини ўз бағрига чорлади.
Тадбир аввалида фарғоналик ижодкор Фарида Анис ўзаро дўстлик ва ижодий ҳамкорликнинг бардавом бўлишини тилади ва ўзининг шеърларидан намуналар келтирди. Шундан сўнг мушоира бошланди, ижодкорларнинг янги шеърлари даврага янада файз бағишлади.
– Қўшни мамлакатларда яшаб ижод этаётган ижодкорлар билан яқин, дўстона алоқалар ўрнатиб, ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилган, – дейди тадбир ташкилотчиси Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марҳамат тумани фаоли Муқимжон Нурбоев. – Биргалашиб табиат қўйнида ҳордиқ олишга, гўзал мушоираларга не етсин. Мақсад оддий – ижодкорлар билан тинчлик, омонлик давримизни мадҳ этиш.
– Ўзбек ва тожик халқини илдизи бақувват, осмонга бўй чўзган чинор дарахтининг икки шохига қиёслагим келади, – дейди Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳасанбой Ғойиб. – Айниқса, икки давлат раҳбарларининг учрашувидан сўнг Марказий Осиё республикалари ўртасидаги муносабатлар яхшиланди, азалдан дўсту биродар бўлмиш халқларимиз орасидаги борди-келди яна тикланди. Демакки, барчамиз бир жавҳардан яралган эканмиз, Аллоҳ ато этган катта неъмат – азалий дўстлигимизни кўз қорачиғидай асраб-авайлашимиз лозим. Дўстлик ва аҳиллик бўлса она заминимизда тинчлик устувор бўлади.
Эй Ватандош, шу азиз юрт – она Турон,
Барчамизга жондек азиз, қутлуғ макон.
Кел, яшайлик шу ватанда аҳил, омон,
Аҳиллик ҳам Яратганга итоатдир.
Даврада дўстлик, ватан, тинчлик, она, ёр мавзусидаги бир-биридан дилбар шеърлар жаранг сочди. Ижодкорлар бир пиёла чой устида юртимиздаги тинчлик ва осудаликка, бахтиёр кунларга шукрона келтириб, шодон рақсга тушди.
– Аввало, ўзбек халқини мустақиллигингизнинг 28 йиллиги билан қутлайман, – дейди Афғонистондан ташриф буюрган форс тили ва адабиёти ўқитувчиси Муҳаммад Асиф Саодат. – Мен эркин ижодкор сифатида ўзбек адабиётини севиб ўқийман. Айниқса, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби мумтоз адабиёт вакилларининг ижодига қайта-қайта мурожаат қиламан.
Шунингдек, тадбир доирасида “Миллий қадриятлар адабий талқиндаʼʼ деб номланган адабий-бадиий тадбир ва конференция, Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб ўтказилган танлов ғолибларининг шеърлари жамланган “Дўстлар гулдастаси”, “Муҳаммад Юсуф издошлари” ва турк тилида чоп этилган “Шеър ифори” номли китобларининг тақдимотлари ўтказилди.