Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилояти минтақавий вакили ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан Вобкент туманида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашда давлат сиёсатини кенг жамоатчиликка етказиш орқали уларнинг хабардорлигини ошириш мақсадида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида ўқув машғулоти ўтказилди.
Унда “Анжирбоғ”, “Бозоржойи”, “Кўлиодина”, “Чангарон”, “Чўрикалон” ва “Сўфидеҳқон” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси вакиллари қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Бухоро вилоятидаги вакили Абира Хусейнова, Бухоро вилояти скрининг маркази раҳбари Гулноза Мавлонова ва Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот марказининг Бухоро бўлими раҳбари Лола Каримова сўзга чиқди.
– Учрашувда “Ўзбекистоннинг кучли ижтимоий сиёсатида аҳолини қўллаб-қувватлаш” мавзусида мамлакатимизда ижтимоий йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, давлат органлари ва ташкилотлари ўзини -ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликнинг янги усул ва воситаларини яратиш, бунда маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш муҳим аҳамият касб этиши ҳақида атрофлича фикр юритилди, – дейди минтақавий вакил Абира Хусейнова. – Шунингдек, кам таъминланган аҳолини ҳамда ишсиз бўлган шахсларни камбағалликдан чиқариш ва иш билан таъминлаш, уларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш орқали уларнинг даромадларини ошириш, турли касбларга тайёрлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.
Маърузачилар томонидан мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти ҳақида қисқача ахборот берилди. Омбудсманнинг минтақавий вакили фаолиятини амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ўзини- ўзи бошқариш органлари ҳамкорлиги масалалари ҳам иштирокчиларга етказилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун- моҳияти ҳамда унинг аҳамияти, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳамда аҳолига комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини жорий қилиш мақсадида ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вазифалари тўғрисида тадбир иштирокчиларига маълумот берилди.
Бугунги кунда глобал дунёнинг асосий муаммоларидан бири бўлган миграцион жараёнларнинг салбий оқибати “Одам савдоси” жиноятига қарши курашдаги ҳамкорлик масалалари ҳақида фикр юритилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири