Бухоро вилояти Вобкент туманида “Вобкент тарихи: ўтмишдан бугунгача” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон Маданияти ва санъати тарғибот маркази, Бухоро давлат университети ҳамда Вобкент тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда юртимизнинг турфа қадим манзиллари қаторида Вобкент – азалдан бунёдкор ғоялар бешиги, буюклар юрти ҳисобланиши таъкидланди.
Конференция иши сессияларга бўлинган ҳолда ташкил қилинди. Вобкент туманининг маданий тарихи ҳамда маънавий-маърифий мероси деб номланган шўъбаларда вилоят ҳамда республика илмий жамоатчилиги вакилларининг 30 га яқин илмий маърузалари, фикр-мулоҳазалари ўртага ташланди. Қайд этилганидек, Вобкент тумани Шарқни Ғарб билан ўзаро боғлаб турган Буюк ипак йўлининг устида жойлашган. Унинг ҳудудида тарихий манзиллар, зиёратгоҳлар, қадамжо ва мақбаралар, масжид ва хонақолар кўп бўлган. Бу манзилдан кўплаб авлиё–анбиёлар, олиму уламолар, обрў-эътиборли шахслар етишиб чиққан. Улар сафида айниқса, Муҳаммад Наршахий, Ҳазрати Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийлар билан бирга Хожа Муҳаммад Шириний, Мир Калон, Мир Хурд, Хожа Мир Азизон, Сўфидехқони Вали, Амир Калон воший, Ҳазрати Хожа Муҳаммад Вобканий, шунингдек, Толиб Толибий, Саҳбо Вобкандий, Шоназар Сойибов, Саттор Ярашев, Жамол Камол сингари машойихлар, адиб ва санъаткорларни алоҳида санаб ўтиш мумкин.
[gallery-6944]
Кўплар учун маданият ва маънавият бешигига айланган манзилда кечган илмий мусоҳаба ва мунозарада Вобкент тумани ҳокимлиги ташаббуси билан нашр эттирилган “Вобкент тарихи: ўтмишдан бугунгача” номли илмий-оммабоп тўпламнинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Ҳудуд ва унинг тарихий-географик жойлашуви, маданияти ва бошқа жиҳатларини ўзида қамраб олган илмий-оммабоп мақолалардан таркиб топган бу китоб конференция қатнашчиларига тақдим қилинди.
Конференция якунида таклиф ва тавсиялар ўз аксини топди. Чунончи, мутасадди ташкилотларга туман ҳудудида жойлашган энг муҳим тарихий манзиллар, зиёратгоҳлар, қадамжо ва мақбаралар, масжид ва хонақоларни ободонлаштириш, улар атрофида туристик инфратузилмани барпо этиш ҳамда уларни туристик йўналишлар рўйхатига киритиш, вобкентлик тарихий шахсларнинг хотирасини абадийлаштириш, улар қолдирган бой маданий-манънавий меросни тиклаш ишларига муҳим эътибор қаратилди.
Ҳудудда жойлашган маданий мерос объектларини хатловдан ўтказиш, барча обидаларни бус-бутунлигича сақлаш ва келгуси авлодларга етказилишини таъминлаш баробарида хусусан, Вобкент минораси ва Хайрободча қишлоғидаги “Чашмаи Айюб” мақбарасини ЮНЕСКО нинг Бутунжаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритиш, бу ноёб обидалар техник ҳолатини чуқур ўрганиш ва реставрация-консервация қилишнинг алоҳида лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.
Бундан ташқари, конференция иштирокчилари ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланаётган Ислом тарихига оид китоблар, хусусан, вобкентлик алломаларнинг асарлари, уларнинг ҳаёти ва ижоди ёритилган тарихий асарларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Фанлар Академиясининг Тарих институтига машҳур тарихчи олим, Туркистоннинг қадимги ва илк ўрта асрлар тарихи бўйича нодир манба бўлмиш “Бухоро тарихи” асари муаллифи Абу Бакр Муҳаммад Наршахий номини бериш таклифи билдирилди.
“Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази, шунингдек, бошқа манфаатдор ташкилот ва идораларга ўзаро ҳамкорликда Вобкент туманининг номоддий–маданий меросини қўриқлаш, ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида соҳа мутахассислари, олимлар ва тадқиқотчилар кўмагида туман маҳаллалари ва қишлоқларига экспедициялар уюштириш, йўқолиб кетган ёки йўқолиш арафасида турган номоддий маданий мерос унсурларини аниқлаш ва уларни зудлик билан муҳофазага олиш, келажак авлодга етказиш мақсадида танлов, фестивал, кўргазма каби маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказиладиган бўлди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Вице президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, Ўзбекистон “Аdolat” социал–демократик партияси сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов, ЮНЕСКО халқаро ташкилоти ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси Бош котибининг ўринбосари Саидафзал Маллаханов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Султонмурод Олимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Қодир Жўраев, “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон Маданияти ва санъати тарғибот маркази директори Лутфия Мирзаева, навоийшунос олима Зиёда Ғаффорова, Бухоро давлат университети ректори, профессор Обиджон Ҳамидов, Вобкент тумани ҳокими Фарҳод Умаров ва бошқаларнинг мавзу юзасидан маърузалари тингланди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА