Вилоятда юрак операциялари ўтказилмоқда
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида ноёб кардиологик операцияларни ўтказиш давом этмоқда. Жумладан, яқинда яна 3 та беморда ишлаб турган юракда аорта-коронар шунтлаш операцияси бажарилди.
Ўтган қисқа вақт ичида, яъни 2023 йилнинг август ойидан буён жами 10 та беморда ишлаб турган юракда аорта-коронар шунтлаш операцияси бажарилди. Малакали мутахассислар томонидан ўтказилган операциялар асоратсиз ўтди. Юрак қон томири кўчирилди, яъни шунт қуйилди. Ушбу ўтказилган 3 та операцияда РШТЁИМ Қашқадарё филиали мутахассислари биринчи ассистент сифатида ишлади. Келажакда ушбу амалиётларни мустақил бажариш учун бу катта ютуқ ҳисобланади.
Беморларнинг ҳозирги кундаги аҳволи қониқарли. Юрак фаолияти тикланган. Қўйилган шунтлар ишлаб турибди. Юрак куч- қуввати ошган.
Мазкур юқори технологияли операциялар пойтахтдан келган профессор ходимлар ва кардиожарроҳлар томонидан филиал шифокорлари учун маҳорат дарси тарзида амалга оширилмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган ҳафта давомида марказ мутахассислари (реаниматолог-анестезиолог врач, операцион ҳамшира, анестезистка) мақсадли равишда РШТЁИМ (Тошкент шаҳри)да ушбу операциялар бўйича малака ошириб қайтган.
[gallery-14388]
Айни пайтда операция қилинган 60 ёшни қоралаган уччала эркак беморнинг аҳволи қониқарли, даво муолажалари стандарт асосида давом эттирилмоқда.
Марказда 15 ўринли кардиохирургия ва 6 ўринли кардиореанимация бўлимларини очиш орқали келгусида ушбу операциялар кўламини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Бу эса юрак-қон томир касалликлари билан оғриган беморларнинг ҳам вақтини, ҳам нақдини тежашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари