Вилоят раҳбари ёшлар билан учрашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Хива шаҳрида Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов иштирокида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Тадбирга ўқиш ва иш фаолиятида юқори натижаларга эришган, ўзининг юксак билими ва салоҳияти билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол ёшлар таклиф қилинди. Вилоят раҳбари ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида бир қатор янги ташаббусларни илгари сурди.
[gallery-18015]
Хусусан, хорижий тилларга ўқитиш ҳамда юқори даражали сертификатларни олиш имконини берувчи “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси вилоятнинг ҳар бир ҳудудида йўлга қўйилиши, IT соҳасига ёшларни қизиқтириш ҳамда ахборот технологияларини ривожлантириш мақсадида киберспорт бўйича “Хоразм вилояти ҳокими кубоги” спорт мусобақалари ўтказилиши, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва жисмоний чиниқтириш мақсадида жорий йил июль ойидан бошлаб илк маротаба 18-30 ёш тоифасидаги ёшлар ўртасида спортнинг шахмат, футбол, баскетбол, волейбол, енгил атлетика, стол тенниси ҳамда воркаут турлари бўйича “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақаларига старт берилиши, Хоразм мақомлари ва достончилик мактаби анъаналарини давом эттириш, миллий санъатимизни кенг тарғиб этиш ва унга қизиқувчи ёшларнинг истеъдодини юзага чиқариш мақсадида “Мақом ва бахшичилик” йўналишида кўрик-танловлар ташкил қилиш каби ташаббуслар ўртага ташланди.
Очиқ ва самимий тарзда кечган мулоқот ёшлар томонидан кўтарилган таклиф, муаммо, лойиҳа ва ташаббуслар билан давом этди. Шунингдек, бир гуруҳ фаол ёшлар вилоят ҳокими томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Беҳзодбек САИДОВ(сурат),ЎзА