Вилоят ҳокими ёшларнинг муаммоларини ўрганди
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатида: “Мамлакатимиздаги туб ўзгаришлар, ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришни кун тартибига қўймоқда” деган эди.
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатида: “Мамлакатимиздаги туб ўзгаришлар, ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришни кун тартибига қўймоқда” деган эди.
Қолаверса, Давлатимиз раҳбари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказган учрашувида ёшлар билан ишлаш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш хусусида муҳим вазифаларни белгилаб берган. Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Андижонда эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
“Янги Ўзбекистонни қуришда энг катта куч бу – ёшлар!” шиори остида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг пахтаободлик ёшлар билан учрашуви ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.
Учрашув доирасида қатор тадбирлар ўтказилди.
“Дўстлик” массивидаги “Mega Ziroat” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилган дастлабки тадбирда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлигини таъкидланди.
– Ёшлар ҳар тарафлама замонга мослашиши, инновацион ғояларни амалга оширишда доим биринчилардан бўлишлари зарур, – деди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. – Бунинг учун улар фақат олға интилишлари, фидойи ва ташаббускор бўлишлари муҳимдир.
Учрашувда вилоят ҳокими ёшлар билан бевосита мулоқот ўтказди. Шу ернинг ўзида 10 дан ортиқ ёшларнинг тадбиркорликка оид лойиҳалари билан танишиб, уларни амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди. Ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган бир гуруҳ ёшларга кредитлар ажратиладиган бўлди.
Учрашув давомида кўплаб ёшлар ишга жойлаштирилди.
– Тиббиёт коллежини тамомлаганман, – дейди Бўстон маҳалласида яшовчи Шодия Маҳмудова. – Икки йилдирки, ишга жойлаша олмай бекор юргандим. Вилоятимиз ҳокимидан ишга жойлашишим учун ёрдам беришини сўрадим. Ҳокимимиз мурожаатимни эътиборсиз қолдирмади. Унинг кўмаги билан туман тиббиёт бирлашмасига ишга жойлашадиган бўлдим.
Бир гуруҳ ёшларга тумандаги “Макс агро” деҳқон хўжалигининг Маданият массивидаги бўлимидан 20 сотихдан ер ажратиб бериладиган бўлди. Энди ана шу ёшлар ажратиб бериладиган ерда оила аъзолари билан деҳқончилик қилади.
– Бундан буён бекор юрмайман, – дейди “Аҳиллик” маҳалласида яшовчи Мирзоҳид Аҳмедов. – Ажратиб бериладиган 20 сотих ерда деҳқончилик қилиб, оиламга даромад киритаман. Биз ёшларга мана шундай кенг имкониятлар яратиб бераётган Президентимизга мингдан-минг раҳмат. Юртбошимизнинг эътибор ва ишончига муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз.
“Mega Ziroat” масъулияти чекланган жамиятида Испания ва Туркия технологиялари асосида гидропоник усулида замонавий очиқ ва ёпиқ иссиқхоналар барпо этилмоқда. Кўплаб ёшлар ушбу мажмуада ишлаш истагини билдирди.
Тадбир давомида тумандаги қатор ташкилот ва корхоналарга, фермер хўжаликларига 100 нафардан зиёд ёшлар ишга жойлашди.
Куннинг иккинчи ярмида “Бўстон” оромгоҳида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижроси доирасида спортнинг футбол, шахмат, стол тенниси, волейбол, баскетбол турлари бўйича уюшмаган ёшлар ўртасида мусобақалар ташкил этилди. Якунда ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
Спортчилар, Миллий гвардия, Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг кўргазмали чиқишлари ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Оқшомда намойиш этилган бадиий дастур ҳамда гулхан атрофидаги суҳбатлар ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди.