Термиз шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармасининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, фаоллар, ижтимоий ҳимоя тизими ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Маросимда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Президентимиз ташаббуси билан кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар ва ногиронлиги бор инсонларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилаётган юксак эътибор аҳолининг муносиб турмуш кечиришида яхши самаралар бераётганини таъкидлади. Бу борада Сурхондарё вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Янги қиёфада қад ростлаган бинони капитал таъмирлаш, мослаштириш ва замонавий иш шароитларини яратиш учун 5 миллиард 500 миллион сўм маблағ сарфланиб, аҳолининг эҳтиёжларига мос кенг имконият яратилди. Бинога келувчиларга сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун зарур инфратузилма, ахборот тизимлари ва бошқа қулайликлар барпо этилди.
Кўп қаватли бинодан Термиз шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари учун ҳам замонавий усулда жиҳозланган шинам хоналар ажратилган. Ногиронлиги бор шахсларнинг бу ерга ҳеч бир тўсиқ ва қийинчиликларсиз кириб-чиқиши учун қулай шароит яратилган.
Тадбир якунида иштирокчилар янги бинода яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири