Вилоят инфратузилмасига эътибор
Наманган вилояти Солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳратали Имомов ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида Чортоқ туманида ўрганишлар олиб борди. У даставвал туман ҳокими ва туман сектор раҳбарлари билан биргаликда амалга ошириладиган келгуси вазифаларни белгилаб олди.
– Иқтисодиёт таянчи ҳисобланган солиқлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмини муҳофазалашда алоҳида аҳамиятга эга, – дейди вилоят тўртинчи сектор раҳбари мулоқот чоғида. – Шунинг учун тушумларни назорат қилишга давлат бошқаруви идоралари томонидан эътибор қаратилиб, кунлик таҳлиллар олиб борилиши лозим. “Чортоқ Фарғона миришкори” ва “Турғунбой Жўравой Мунаввар” фермер хўжаликларида ипак қуртини парваришлаш жараёнлари билан танишувлар қизғин кечди. Бу йилги мавсумда Чортоқда етиштириладиган 238 тонна пилла ҳосилининг 185 тоннаси фермер хўжаликлари томонидан тайёрланади. Ҳозирда ҳар икки фермер хўжалигида 20 қутидан ипак қурти парваришланмоқда.
Вилоят Солиқ бошқармаси бошлиғи тумандаги ўрганишлари давомида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Етти хазинанинг бири бўлган паррандачилик орқали эндиликда даромадли бизнес сифатида аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, ишсизлар сонини камайтириш билан кўплаб амалий натижаларга эришилмоқда. Буни “Чортоқ соҳил мазали жўжалари” масъулияти чекланган жамият фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хўжаликда айни пайтда 22 минг бош бройлер жўжалари боқилмоқда. Бунинг натижасида эса саккиз киши доимий иш билан банд. Чортоқ туманидаги Кесканёр маҳалласида 2 минг 742 аҳоли бўлиб, 36 гектар томорқага эга. Қайси хонадонга кирманг, қўшимча даромад топиш учун қилинаётган амалий ҳаракатларга гувоҳ бўласиз. Вилоят тўртинчи сектор раҳбари туман ҳокими, маҳалла масъуллари ҳамроҳлигида ана шундай омилкор хонадонларда бўлди. Хусусан, “Дилхирож” кўчасида яшовчи Носиржон Юсупов томорқа ва уй хўжалиги имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳадисини олган. Чорва ҳайвонлари, парранда, иссиқхонадан олинаётган даромад ҳам шунга яраша.
Тоҳиржон Ҳасанов хонадонидаги иссиқхонада эса етиштирилаётган картошка яқин кунларда бозорга чиқарилади. Помидор, булғор қалампири ва кўкатлар ҳам етилган. Шуҳратали Имомов аҳоли томорқаларидан фойдаланиш ҳолати билан танишиш жараёнида “Чортоқ агросервис” машина трактор паркида бўлди. Бу ерда ўрим комбайнларини мавсумга тайёрлаш борасидаги ишлар кўздан кечирилди. Ўримда қатнашадиган 10 та комбайнни соз ҳолатга келтириш ишлари якунига етказилмоқда. “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида “Чортоқсой” бўйлаб экойўлакка монанд равишда турли манзарали кўчатлар ўтқазилмоқда.
[gallery-17215]
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ҳисса қўшиш мақсадида Наманган вилояти Солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳратали Имомов ва Чортоқ туман ҳокими Илҳомжон Сатторов, шунингдек, туман сектор раҳбарлари яхши ниятлар билан биргаликда кўчат экди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.