Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Марҳамат туманида ҳунарманд, шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан учрашди.
Вилоят ҳокими мулоқотда тадбир қатнашчиларини Халқаро хотин-қизлар байрами билан табриклаб, мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, айниқса, муҳтарама опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш орқли даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
Айни кунда Марҳамат туманида 175 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг ярмидан ортиғи хотин-қизлардир. Мулоқотда аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бўлса-да, лекин бу борада туманда ҳали қатор муаммолар мавжудлиги қайд этилди.
Маълумки, Марҳамат туманининг аксарият маҳаллаларида жундан рўмол тўқиш ҳунари анча ривожланган. Рўмол тўқиш бўйича туманда ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Ана шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокими опа-сингилларимиз бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантиришда ана шу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди.
Мулоқотда мутахассислар томонидан туманда кредит олиш истагидаги ҳунарманд хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратилиши таъкидланиб, мазкур маблағлар босқичма-босқич берилиши, уни мақсадли сафлаш ва қайтариш юзасидан тушунчалар берилди.
Учрашувда вилоят ҳокими рўмол тўқиш йўналишида ўз тадбиркорлигини бошлаш ва кенгайтириш арафасида турган 75 нафар хотин-қизларга АТ Халқ банки Марҳамат туман филиали томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан 5 миллион сўмдан нақд пул топширди.
Мулоқот давомида бир гуруҳ хотин-қизларнинг турли масалалар юзасидан мурожаатлари ҳам шу ернинг ўзида ҳал этилди.
Вилоят ҳокими мулоқот қатнашчиларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди ва Марҳаматда аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, бандлигини таъминлашга қаратилган бу каби ишлар изчил давом эттирилишини таъкидлади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА