“Veon” компанияси билан ҳамкорлик ривожланади
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов “Veon” компаниялар гуруҳи бош ижрочи директори Каан Терзиоглу билан учрашди.
Сербиянинг собиқ президенти Борис Тадич ҳам иштирок этган йиғилишда вазир телекоммуникация хизмати кўрсатиш бозорини янада кенгайтириш, соҳага инвестиция жалб қилиш, хусусан, мобиль алоқа компаниялари самарали фаолиятини таъминлаш учун юртимизда кенг имконият яратилганини таъкидлади. Давлат раҳбари томонидан вазирлик олдига Ўзбекистонни минтақавий ахборот технологиялари марказига айлантириш, жорий йил охиригача IT маҳсулотлари ва хизматлари экспортини 100 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилганига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув чоғида ахборот технологиялари ва энг янги мобиль технологияларни жорий этиш ва келгусида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда “Veon” компаниялар гуруҳи иштирокида ускуналарни модернизация қилиш ва фойдаланувчи учун қулайлик яратишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Томонлар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича улкан салоҳият мавжудлигини эътироф этиб, бу борадаги саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш зарурлигини маъқуллади.

Маҳаллий ёшларни ишга жойлаштириш орқали бизнес ва билим жараёни аутсорсинги хизматини ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширилишида “Veon” компаниясининг бевосита иштироки масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Мулоқотда икки томонлама манфаатли истиқболли йўналишлар, жумладан, АКТ йўналишида кенг қамровли ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.
ЎзА