Венгрия элчиси Андижонда
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Венгриянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ковач Дьюла бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Ўзбекистон жаҳоннинг кўплаб давлатлари билан иқтисодий, маданий ва туристик соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган. Турли мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш борасидаги ишлар кўлами эса йилдан йилга ортиб бормоқда. Жумладан, Венгрия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси делегацияси вакиллари билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, кейинги йилларда савдо-сотиқ, хизматлар ҳажми 100 миллион АҚШ долларидан ортганлиги таъкидланди.
Учрашувда томонлар Андижонда Европа, хусусан, француз таомларининг энг машҳур бренди - FUA-GRA деликатесини ишлаб чиқариш лойиҳаси юзасидан муҳокама ўтказди.
[gallery-8244]
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 500 минг АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа амалга оширилиши билан 2 миллион 880 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилган. Энг муҳими, лойиҳа доирасида 550 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган.
FUA-GRA деликатеси ўзига хос технология ва рецептлар асосида махсус боқилган ғоз ва ўрдак гўштидан тайёрланадиган таом бўлиб, нафақат Францияда, балки Европанинг кўплаб мамлакатларида машҳур. Аслида Fua Gra тайёрлаш тарихи бир неча юз йилларга бориб тақалади. Фақат XVIII асрга келиб Франция миллий таомлари қаторидан ўрин олган.
Шунингдек, учрашувда лойиҳанинг ўзига хос жиҳатлари, хорижий инвесторлар учун юртимизда яратилган шарт-шароитлар хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА