
Сўнгги йилларда Бухорода велоспортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда велоспорт мамлакатимиздаги 6 та устувор спорт турларидан бири этиб белгиланди.
Бухоро Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, Бухоро шаҳар 1-сон спорт мактаби ва Қоракўл туман спорт мактабида велоспорт тури бўйича бўлимлар фаолият юритмоқда. Уларда 62 нафар ўғил-қиз мазкур спорт тури билан шуғулланади. Шунингдек, Ғиждувон тумани спорт мактабида пара велоспорт йўналишида 8 нафар спортчи тайёрланмоқда. Жорий йил учун республика миллий терма жамоага Бухоро вилоятидан 10 нафар етук спортчи етказиб берилган.


Йигирма нафар велоспортчиларга Олимпия ва Паралимпия, Осиё ўйинларида, жаҳон чемпионатларида ва бошқа йирик мусобақаларда муносиб иштирок этиши ва юқори натижаларга эришишига кўмаклашиш мақсадида вилоят ҳокимилиги томонидан янги велосипедлар совға қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири