Велосипед ўғрисининг “омадли “юриш”ига чек қўйилди
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 1982 йилда туғилган, айни вақтда Навоий вилояти Учқудуқ шаҳри “Тинчлик” кўчасида истиқомат қиладиган С.Н.нинг “омадли юриш”ларига ички ишлар ходимлари томонидан чек қўйилди.
Қирқ ёшни қоралаган бўлишига қарамай бир ишнинг бошини тутмаган бу йигит осон йўл билан пул топишни ўзига “касб” қилиб олади.
– Фуқаро “Тоғ” кўчасидаги уйларнинг бирига ҳовли томондан ўғринча тушиб, бир дона “Урал” русумли велосипедни ўғрилаб кетган, – дейди туман ИИБ тергов гуруҳи суриштирувчиси Аббос Наврўзов. – У велосипедни 220 минг сўмга пуллагандан сўнг, “ови”ни давом эттириб, бу гал кўп қаватли уй кириш қисмида қаровсиз қолдирилган велосипедларни ҳам ўғрилаб, пуллайди. Кўп қаватли уйларнинг киришида қаровсиз қолдирилган велосипедларни осонгина ўғирлаётганидан “ҳаволанган” С.Н. Авезов кўчаси томон “юриш” қилади ва 26-уйнинг иккинчи киришидан яна битта велосипедни ўғирлаб, 200 минг сўмга сотиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Янаям тўғрироғи, спиртли ичимликларга муккасидан кетганлиги боис, ўғрилик қилиб топган пулининг барчасини ароққа сарфлаган.
Унга нисбатан яқинда суд ҳукми ўқилди ва С.Н.га 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
А.Бўриев, ЎзА