Велошоссе бўйича Ўзбекистон кубогида янги номлар сараланмоқда
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон кубоги давом этмоқда. Мусобақанинг иккинчи кунги баҳсларида велоспортчилар индивидуал вақт дастурида ғолиблик учун кураш олиб борди.
Аниқроқ маълумот берадиган бўлсак, ёшлар тоифасидаги йигитлар пойгаси 27,6 км. масофада ўтказилди ва унда Алимардон Жамолиддинов маррага 37 дақиқа 45 сонияда биринчи бўлиб етиб келди. Артур Стрелсов ва Озодбек Шокиров эса ушбу йўналишда 2-3-ўринлардан жой олди.

Индивидуал вақт дастурида қизлар 13,8 км. масофада баҳсларга кирди. Унда кучли учликдан Виктория Ползунова, Мухлиса Ашурова ҳамда Сабрина Альтинбекова ўрин эгаллади.
Ўсмирлар тоифасида ўғил ва қиз болалар 13,8 км. масофада ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Мазкур баҳсларда Чингиз Чўлиев олтин медаль соҳибига айланган бўлса, Илёс Ўрозбоев кумуш, Иззат Отамуратов эса бронза медали билан тақдирланди.

Қизлар орасида Мадина Абдусатторова белгиланган масофани 22 дақиқа 40 сонияда босиб ўтди ҳамда мусобақа ғолибига айланди. Шунингдек, Мадина Анварова 22 дақиқа 58 сония билан иккинчи бўлди. Роксана Ҳикматова эса 22 дақиқа 59 сония билан финишга учинчи бўлиб келди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА