Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, дунё давлатларининг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот ҳисобланади.
Бугун пойтахтимиздаги Вебстер университетида БМТ ташкил этилганига 78 йил тўлиши муносабати билан тадбир ўтказилди. Унда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарияти, Олий Мажлис Сенати аъзолари, турли дипломатик корпус вакиллари ва талаба ёшлар иштирок этишди.

Йиғилишни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги координатори Консуэло Видал Брюс хоним очиб берди ва йиғилганларга ташкилотнинг жаҳонда тутган ўрни, Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

- Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатини белгиловчи асосий йўналишлардан бири — ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида БМТ билан ўзаро алоқалари йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда, -дейди UNICEF ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Жеффри Ижумба. - Айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқи алоҳида аҳамиятга эга. Ўйлайманки, бундан кейин ҳам алоқаларимиз тенглик ва манфаатли шериклик асосида ривожланиб бораверади.

Эътиборли жиҳати, бу йилги тадбир дастури қизиқарли чиқишларга бой бўлди. Жумладан, Вебстер университети талабалари томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларига оид саҳна кўринишлари меҳмонлар олқишига сазовор бўлди. Ўзбек эстрадаси вакиллари томонидан ижро этилган қўшиқлар эса даврага ўзгача файз бағишлади.

Тадбирнинг асосий қисми якунлангач, университет фойесида БМТ агентликлари кўргазмаси ташкил этилди. Ташриф буюрган меҳмонларга БМТнинг асосий фаолияти ва ташкилотда ёшлар учун мавжуд имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
<iframe width="887" height="499" src="https://www.youtube.com/embed/XxosnIhR_Zo" title="Вебстер университетида БМТ куни нишонланди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ў.Алимов, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА