Вазирлик оталиққа олган мактабларга совғалар топширди
Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 27 май куни “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” шиори остида Тошкент шаҳрида оталиққа олинган 123- ва 197-умумтаълим мактабларига ўқув қуроллари ва жиҳозлардан иборат совғалар топширилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида таълим сифатини ошириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Ушбу топшириқлардан сўнг Ташқи ишлар вазирлиги Учтепа туманидаги тўртта умумтаълим мактабини оталиққа олган эди.

Ушбу ташаббус доирасида вазирлик 123- ва 197-мактабларга компьютер жамланмалари, рангли принтерлар, бадиий ва ўқув адабиётларидан иборат совғаларни топширди. Шунингдек, инглиз тилидан юқори кўрсаткичларга эришган 10 нафар ўқувчига эсдалик совғалари берилди.
Мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳомийлиги асосида амалга оширилган хайрия тадбирида таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор, бунинг натижасида эришилаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритилди.

Жумладан, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” шиори остида охирги тўрт йилда 134 та мактаб янгидан қурилиб, 2965 та ўқув муассасаси реконструкция қилинган.
– Ташқи ишлар вазирлиги мактабимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаяпти. Қолаверса, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Вазирлик ва университет вакиллари мактабимизда тез-тез учрашувлар ўтказади, машғулотлар олиб боради.

Бунинг натижасида ёшларимизда дипломатия соҳасига қизиқувчилар кўпайиб бормоқда, – дейди 197-умумтаълим мактаби директори Мансур Норимбетов. – Бу ҳаракатлар ўқувчиларимизнинг салоҳиятини оширишга имкон яратмоқда. Куни кеча давлатимиз раҳбарининг мактаб битирувчиларига йўллаган табриги ҳам бизни ғоят қувонтирди.
Тадбирда 2020 йил якунига кўра мамлакатимизда оталиққа олинган мактабларга энг кўп ёрдам берган вазирликлар ўнталигида Ташқи ишлар вазирлиги биринчи ўринни эгаллагани қайд этилди.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА