Вазир ўринбосари ёшлар ҳузурида
Наманган вилояти Тўрақўрғон маданият марказида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири ўринбосари, полковник Ҳамдам Қаршиев туман ёшлари билан учрашди.
Сарҳадларимизни ишончли қўриқлаётган ҳарбийларимиз ҳаёти ҳақида билиш ҳар бир ёш учун қизиқарли. Ҳарбийликка ҳавасманд ёшлар сафи ҳам тобора ортмоқда. Вазир ўринбосари ёшларга ҳарбий бўлиш учун кўп ўқиш, ўрганиш, маънавиятли инсон сифатида шаклланиш лозимлигини мисолларда тушунтирди. Айниқса, бу соҳада кучли ирода ва юксак тафаккур эгаси бўлиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
[gallery-2813]
Тадбирда “Ёшлар жамғармаси” ҳисобидан 20 нафар ёшга қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланиладиган мотокультиватор, 2 нафар аёлга тикув машинаси субсидия асосида берилди. Шунингдек, энг фаол ва изланувчан йигит-қизларга Мудофаа вазирлиги қўмондонлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Учрашув Шарқий ҳарбий округ қоровул қўшинларининг кўргазмали чиқишлари, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг бадиий дастури ва ҳарбий техникалар намойиши билан якунланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА