Вазир ўқув марказининг фаолияти билан яқиндан танишди
Жиззах шаҳрида рақамли соҳани ривожлантириш, ёшларни замонавий технологияларга кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов “IT Park”нинг етакчи резидентларидан бири — Teamit Services ўқув маркази фаолияти билан яқиндан танишди.
Ушбу таълим муассасаси ахборот технологиялари, дастурлаш ва робототехника йўналишларида мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган бўлиб, 2024 йилнинг ўзида 300 нафардан ортиқ ёшларга замонавий касблар сир-синоатларини ўргатишга муваффақ бўлган. Марказ раҳбарияти учрашув давомида Ш. Шерматовга ўқув дастурлари, амалий тажриба олиш имкониятлари яратилган лабораториялар ва талабалар учун ташкил этилган инфратузилма ҳақида батафсил маълумот берди.


Ушбу салоҳиятни янада кенгайтириш мақсадида 2026 йилга қадар сунъий интеллект бўйича янги ўқув курсларини йўлга қўйиш, техник базани янгилаш ва қўшимча ўқув қувватларини ташкил этиш режалаштирилгани ҳам маълум қилинди. Бу эса ҳудудда юқори малакали, рақобатбардош IT мутахассисларини тайёрлаш имкониятларини янада мустаҳкамлайди.


Вазир Teamit Servicesнинг Жиззахда ёшлар бандлигини ошириш, замонавий кадрлар тайёрлаш ва инновацион экотизимни шакллантиришдаги ўрнини юқори баҳолади. Шу билан бирга, таълим сифати ва қувватларини янада ошириш, фаолият йўналишларини кенгайтириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

Teamit Services фаолияти билан танишув ҳудудда рақамли иқтисодиётни шакллантиришда таълим марказларининг ўрни тобора ошиб бораётганини яна бир бор исботлаб берди.
А. Қаюмов, ЎзА мухбири