Вазир марказга юқори баҳо берди
Жиззах вилоятига хизмат сафари билан келган республика Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев Дўстлик туманида янгидан ташкил этилган Микросаноат ва хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишди.
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 15 май куни ўтказилган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда янги босқичга ўтиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида 2023 йилнинг 1 июнидан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурини амалга ошириш таъкидланган ва бу борада мутасадди вазирлик, идора ва ҳокимликларга бир қатор вазифа ҳамда топшириқлар юклатилган эди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев вилоят мутасаддилари ҳамда Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишев ҳамроҳлигида Президентимизнинг ушбу видеоселектордаги топшириқлари ижроси доирасида ташкил этилган Микросаноат ва хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишди.
Марказ фаолияти билан танишиш аввалида Беҳзод Мусаев туман маҳалла фуқаролар йиғинлари “бешлиги” билан суҳбатлашди. Юртбошимиз раҳбарлигида камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар негизи ва мазмун-моҳияти, тумандаги мазкур Микросаноат ва хизмат кўрсатиш маркази ана шу ислоҳотларнинг ёрқин самараси эканлгини алоҳида таъкидлади.
Марказда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича тадбиркорлик субъектлари бир ҳудудга жамланиб, улар учун зарур барча шароитлар яратилган. Сўнгги ҳисоб-китоблар бўйича бу ерда 1 минг 100 тага яқин янги иш ўринлари ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, бу иш ўринларига асосан ижтимоий дафтарларга киритилган ҳамда ишлаш истагида бўлган ишсиз фуқаролар қабул қилиниши белгиланган.
Республика Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири марказда иш олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан ҳам танишиб, ташкил этилган иш услуби ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларга юқори баҳо берди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА