Ватанпарварлик карвони йўлга чиқди
Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 34 йиллиги муносабати билан “Миллий армия – она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида ўтказилаётган ватанпарварлик ойлиги доирасида “Ватанпарварлик карвони” ташкил этди.
Мазкур карвоннинг навбатдаги манзили Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани бўлди.
Самарқанд шаҳридан йўлга чиққан ватанпарварлик карвони туман бўйлаб ҳаракатланиб, 31-умумтаълим мактабига келди ва бу ерда ҳарбий хизматчилар ва соҳа фахрийлари, маҳалла аҳли ва ўқувчи-ёшлар иштирокида учрашув ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққан Мудофаа вазирлиги Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети сержантлар тайёрлаш олий мактаби раҳбари Ж.Каримов миллий армиямиз салоҳияти йилдан-йилга ошиб, бугун замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан таъминланган қудратли Қуролли Кучларга айланганини таъкидлади. Ҳарбий хизматчиларимизнинг турли халқаро танловларда қатнашиб, юқори натижаларга эришаётгани, соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизими такомиллашгани қайд этилди.
– Ватанпарварлик ойлиги доирасида туманимиздаги барча таълим муассасалари ва маҳаллаларда маънавий-маърифий учрашувлар, маданий ҳамда спорт тадбирлари изчил ташкил этилмоқда, – дейди Пастдарғом тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Акмал Абидов. – Бу тадбирлар армия ва халқ бирдамлигини мустаҳкамлаш, ёшлар қалбида Ватан ҳимоячиси бўлишдек эзгу мақсадни уйғотиш ва миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини кучайтиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали чиқишлар, ҳарбий оркестр ижросида куй-қўшиқлар ижро этилди. Ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ўтказилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари