Ватанпарварлик фестивали
Тошкентда “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз!” шиори остида ватанпарварлик фестивали ташкил этилди.
Тошкентда “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз!” шиори остида ватанпарварлик фестивали ташкил этилди.
Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, “Hyatt Regency” меҳмонхонаси олд майдони ҳамда Ёшлар ижод саройи йигит-қизлар билан ҳар доимгидан-да гавжум бўлди.
Фестиваль ташкилотчиларидан бири – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси Дурдона Раҳимова мамлакатимизда ёш авлодни маънавий баркамол инсон этиб тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш, уларнинг санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича бешта муҳим ташаббус доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Мазкур фестиваль ана шундай энг муҳим ишлардан бири эканини айтиб, барча ёшларни унда фаол бўлишга чақирди.
Талаба-ёшлар, пойтахт меҳмонлари фестиваль доирасида тасвирий санъат бўйича маҳорат дарсларига гувоҳ бўлишди. Мусиқа ва санъат мактабларининг ширали овоз ҳамда сеҳрли мўйқалам соҳиблари ўз ижод намуналари билан санъат шинавандаларини ҳайратга солди.

Бокс, қиличбозлик, қўл жанги, камондан ўқ отиш майдонлари ташкил этилган эди. Ёшлар мазкур спорт турлари бўйича ўзаро баҳслашди. Иштирокчилар скейт, роликда учиш ва бошқа замонавий спорт турлари бўйича чиқишларни зўр иштиёқ билан кузатишди.
– 10 йилдан буён бокс билан шуғулланаман, – деди Тошкент давлат техника университети қошидаги академик лицей ўқувчиси Жавоҳир Абдуниёзов. – Ўзбекистонда бокс бўйича ўтказилган мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритаяпман. Насиб бўлса, Ҳасанбой Дўсматов, Фазлиддин Ғойибназаров, Бектемир Мелиқулов, Шаҳрам Ғиёсов, Муроджон Аҳмадалиев каби дунёни ларзага солаётган боксчиларимиз сафида мен ҳам халқаро мусобақалар ва Олимпия ўйинларида юртимиз байроғини муносиб ҳимоя қиламан.
Кун давомида “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусида таниқли тадбиркорлар билан учрашув, ёшлар ўртасида “Киберспорт” мусобақаси, шунингдек, Истиқлол кўчаси билан Амир Темур шоҳ кўчаси кесишмасидан асосий саҳнагача бўлган манзилда ҳарбийлар ва ёшлар иштирокида “Ватанпарварлик юриши” ўтказилди. “Ватанимни куйлайман” мавзусида ҳарбий оркестр концерт дастури намойиш этилди.

– Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирларига оид дастур доирасида 2019-2020 йилларда туман ва шаҳарларда рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этиш ва уларда бепул таълим бериш, ижтимоий соҳа объектларини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш кўзда тутилган, – деди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Нодир Турсунов. – Пойтахтимизда ҳам аҳолининг компьютер саводхонлигини ошириш, ахборот технологияларига қизиққан болаларни тўғри йўналтириб, уларни малакали мутахассис даражасига олиб чиқиш, дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда. Мазкур фестиваль ҳам ана шу амалий ишлар самарасидир.
Ватанпарварлик фестивали доирасида ташкил этилган киберспорт мусобақасида йигирмадан ортиқ ёш йигит-қиз иштирок этди. Мусобақанинг фаол иштирокчилари ва ғолибларига Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва бошқа ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Фестиваль доирасида “Ёш китобхон” акцияси ва китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
– Халқимизда мутолаага ташналик доим юқори бўлган, – дейди “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти бўлим мудири Мейлижон Садиров. – Буни мазкур фестиваль доирасида ташкил этилган китоблар кўргазмасига йиғилган китобхонлар нигоҳидан ҳам билиб олиш мумкин. Биз кўргазмага болалар учун алоҳида ўзбек халқ эртаклари, турли мавзулардаги энциклопедик китоблар билан келдик. Кўргазмага 50 нусхада “Ислом энциклопедияси” китобини олиб келган эдик. Барчасини китобхонлар харид қилди. Улар бу каби кўргазмаларни кўпроқ ўтказиш тарафдори.

Ретро автомобиллар намойиши, сўнгги авлод роботлари, энг янги ихтиролар, инновацион ғоялар ва стартап лойиҳалар кўргазмаси, таниқли спорт усталаридан ўзига хос маҳорат сабоқлари барчага манзур бўлди.
Мусиқа ва санъат мактаблари ёш ижодкорлари ҳамда машҳур санъаткорлар иштирокида кон
церт, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг жанговар чиқишлари, DJ шоу каби маданий-кўнгилочар тадбирлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон байроғи илинган катта ҳаво шари учирилиши – тадбирнинг энг қизиқарли ва таассуротларга бой томошаси бўлди.