Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Ёшлар – келажагимиз таянчи” тамойили асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шундай мақсад асосида фаолият юритаётган Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилоят кенгаши бугун ёшлар учун нафақат ҳарбий-ватанпарварлик руҳини сингдирувчи, балки уларга спорт орқали юксак марраларни забт этишга йўл очиб берувчи муҳим ўқув-машқ майдонига айланган.

Сўнгги йилларда “Ватанпарвар” ташкилоти Халқаро спорт федерациялари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатди. Хусусан, ташкилот Халқаро Аэронавтика федерацияси (FAI), “NAVIGA”, “ITU”, “IVU” ва “АSТC” каби йирик спорт федерацияларининг тўлақонли аъзосига айлангани Ўзбекистон спорт нуфузи ошаётганининг яққол далилидир.
Бундай ҳамкорликлар ёш спортчиларга халқаро майдонларда тажриба орттириш, халқаро мезонлар бўйича беллашиш имконини яратмоқда. Айниқса, техник спорт турларига қизиқиш билдираётган ёшлар учун бу имконият келажакдаги катта зафарларга йўл очади.

Бугунги кунда Наманган вилоятидаги “Ватанпарвар” тизими доирасида 50 га яқин спорт тўгарак ва секциялар фаолият юритмоқда. Буларга “Ҳаво милтиғидан ўқ отиш”, “Триатлон”, “Ёзги биатлон”, “Моделсозлик”, “Ракетамодел”, “Картинг”, “Авторалли”, “Корд авиамодел” ва бошқа спорт турлари киради.
Жорий йил давомида ўтказилган республика миқёсидаги мусобақаларда Наманган вилояти “Ватанпарвар” терма жамоаси спортчилари улкан ютуқларга эришди. Жумладан, ракетамодел бўйича Навоийда ўтказилган чемпионатда биринчи, картинг пойгаси бўйича Учқўрғонда ўтказилган мусобақада биринчи, пневматик қуролдан ўқ отиш бўйича Андижонда ўтган беллашувда учинчи, авторалли “Ралли Мўйноқ – 2025” мусобақасида биринчи, ёзги биатлон бўйича Чирчиқда бўлиб ўтган мусобақада биринчи ўринлар қўлга киритилди.

“Ватанпарвар” ташкилоти тўгаракларида фаол иштирок этиб, республика мусобақаларида юксак натижаларга эришаётган спортчиларга давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқининг берилиши бу тизимнинг яна бир ютуғидир.

– “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан амалга оширилаётган бу каби тизимли ишлар юртимиз ёшлари орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш ва уларни келажакда кучли мутахассислар сифатида шакллантириш йўлида улкан аҳамиятга эга. Спортдаги ҳар бир ғалаба, ҳар бир медаль, ҳар бир чемпион – бу нафақат бир инсоннинг ютуғи, балки бутун вилоят, бутун халқимизнинг ғурури. “Ватанпарвар” ташкилотининг бу борадаги хизматлари эса алоҳида эътирофга лойиқ. Ёшларнинг қалбига ғурур, юрагига қатъият, кўзларига умид берган бу ҳаракат – бизни эртанги кучли, соғлом ва мустаҳкам жамият сари етаклайди, – дейди ташкилотнинг Наманган вилояти кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев.

Санжарбек Ҳамидов,
Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган
вилояти кенгаши жамоатчилик билан алоқалар бўйича масъул ходими.
ЎзА.