Ватанпарвар ёшлар — келажак бунёдкори
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилояти Кенгаши томонидан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Унда барча тармоқ касаба уюшмаларининг 35 ёшгача бўлган ёш аъзолари қатнашди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад, касаба уюшмалари фаолиятида ёшлар иштирокини янада жонлантириш, бу борада уларнинг таклиф ва истакларини амалга ошириш, ёшлар орасидан фаол лидерларни сайлашдан иборат.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни касаба уюшмалари фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида 2017 йилда Ёшлар бирлашмаси ташкил этилган эди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёшларга оид сиёсати 16 ёшдан 35 ёшгача бўлган касаба уюшма аъзоларини қамраб олади.
– Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари тизимидаги 2 минг 166 та бошланғич касаба уюшма ташкилотида 326 минг 5 нафар касаба уюшма аъзолари бирлашган, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилояти Кенгаши маданий ва маърифий, спорт ишлари бўлими мутахассиси Абера Имомова. – Шулардан 122 минг 236 нафарини ёшлар ташкил этади. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят Кенгаши Ёшлар бирлашмаси томонидан бир қатор вазифалар ва тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
[gallery-5875]
Ёшларнинг танлаган касб ва ихтисосликларини чуқур ўрганишга қизиқишини кучайтириш, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида ҳар йили “Энг яхши ёш ишчи касб эгаси”, “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танловлари ўтказилмоқда.
“Менинг келажакдаги иш жойим” акцияси доирасида ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш, келажакда муносиб иш жойини топишга кўмаклашиш мақсадида, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларининг Ғиждувон эркин иқтисодий зонасидаги йирик корхоналарга саёҳатлари уюштирилди.
Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танловининг “Меҳнат муҳофазаси бўйича ёш мутахассис” номинациясида ёшлар фаол қатнашган.
“Беш ташаббус – беш имконият” лойиҳаси доирасида ёшларнинг республика бўйлаб саёҳатлари ташкил этилган.
Ҳар йили бир нафар олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, иқтидорли талаба “Касаба уюшмалари стипендияси” билан бир нафар тизимда фаолият кўрсатиб келаётган ёш ходим, болаликдан ногирон бўлган ёки чин етим, ижтимоий муҳофазага муҳтож фаол ёшлар касаба уюшмаларининг санаторийларида бепул соғломлаштирилмоқда.
Тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Якунда касаба уюшмалари ёшлари лидерлари сайлаб олинди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА