“Ватанпарвар” ташкилотида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши тасарруфидаги Амударё тумани ўқув спорт техника клубида “Ватанпарвар” – менинг танловим!” шиори остида “Очиқ эшиклар куни” ҳарбий-ватанпарварлик фестивали бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнларида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, соғлом эътиқодли, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга оширишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.
“Ватанпарвар” ташкилоти фаолияти, унинг ривожланиш йўналишлари, юртимиз ижтимоий ҳаётида тутган ўрни, амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги амалий ишларни туман, шаҳар аҳолисига, айниқса, ёшларга етказиш, ташкилот фаолияти ҳақида маълумот бериш мақсадида ташкил этилган тадбирда “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши тасарруфидаги ўқув муассасалари раҳбарлари, маҳалла фаоллари, туман халқ таълими бўлимига қарашли мактаблар ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари иштирок этди.
Тадбир уюшмаган ёшларни касбга тайёрлаш, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган оилалар фарзандларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўқитилиши бўйича яратилаётган шароитлар ва берилаётган имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шу билан бир қаторда тадбир доирасида болалар, ўсмирлар ва ёшларни ташкилот тизимида мавжуд спортнинг техник ҳамда амалий турлари бўйича секция ва тўгаракларнинг фаолияти билан таништириш, уларни бепул шуғулланиши учун жалб қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
“Очиқ эшиклар куни” тадбири давомида “Ватанпарвар” ташкилотининг замонавий енгил ва юк ўқув автомобиллари, синф хоналари, спорт техникалари (картинг, мотоцикллар, спорт автомобили), шунингдек, ракета модель ва корд авиамоделларининг кўргазмали намойишлари, спорт секциялари аъзоларининг фаолиятидан намуналар тақдим этилди.
Тадбир давомида мактаб ўқувчилари ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик кўпкураш спорт мусобақасининг Қорақалпоғистон очиқ чемпионати ўтказилди. Ёшлар югуриш ва ўқ отиш бўйича маҳоратини намойиш этди.
Мусобақа натижаси бўйича якка тартибда қизлар ўртасида биринчи ўринни Беруний туманидан Улбўсин Тоусканова, иккинчи ўринни Амударё туманидан Севинчой Суюндиқова, учинчи ўринни Амударё туманидан Шахида Собирова, ўғил болалар ўртасида биринчи ўринни Амударё туманидан Рашид Искандаров, иккинчи ўринни Беруний туманидан Шерали Йўлдашев, учинчи ўринни Хўжайли туманидан Уснатдин Темирбеков эгаллади. Жамоавий баҳсда Амударё тумани ўқув спорт техника клуби биринчи, Беруний тумани ўқув спорт техника клуби иккинчи, Хўжайли тумани ўқув спорт техника клуби учинчи ўринларни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорларга “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбир давомида ёшларга ва тадбир қатнашувчиларига Шимолий-ғарбий ҳарбий округи ҳарбий оркестрининг концерт дастури, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
[gallery-7751]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА