«Ватанпарвар» – ҳайдовчиликка ўқитадиган мактаб эмас
Ўзбекистон ёшларининг илк бор ўтказилган форумида Президентимиз томонидан «Ватанпарвар» ташкилоти фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
«Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев билан ташкилот олдига қўйилган вазифалар ва уларнинг ижроси ҳақида суҳбатлашдик.
– Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшлари форумидаги нутқи ва Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқиб, «ватанпарварчи»лар жорий йилда қандай ишларни режа қилмоқда?
– Ўқитувчи, қурувчи, ҳарбий хизматчи, барча касблар қанчалар шарафли бўлса, “ватанпарварчи” бўлиш ҳам биз учун шу қадар ардоқли. «Ватанпарвар» ташкилотининг фаолияти, асосан ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ёшларни қўллаб-қувватлаш эса ватанпарварликнинг олий намунасидир.
Президентимиз ёшлар форумида таъкидлаганларидек, бир пайтлар «Ватанпарвар» ташкилоти ёшларга нафақат ҳарбий соҳада, балки катта ҳаётда ҳам зарур бўладиган мусобақа ва спорт ўйинларини ташкил этиб, уларни техник касбларга ўргатарди. Шу сабабли йигит-қизларимиз ўртасида унга қизиқиш юқори эди. Афсуски, кейинги пайтларда фаолиятимиз сусайиб кетди.
Давлатимиз раҳбарининг ташкилотимиз фаолиятига доир мулоҳазалари ҳар бир “ватанпарварчи”нинг қўлига кўзгу тутқазди. Ҳақиқатан ҳам, авваллари «ДОСААФ» жуда таниқли бўлиб, унинг номи тилга олинса, гап қайси ташкилот ҳақида бораётганини ҳамма биларди. Бугун эса «Ватанпарвар» ташкилоти халқ ичига, ёшлар орасига тўлиқ кириб борди, деб айтолмаймиз. Кўпчилик ташкилотимизни ҳайдовчиликка ўқитадиган маскан сифатида танийди. Ҳолбуки, ушбу ташкилотнинг иши кенг қамровли.
– Бу қандай қамров? Ана шу ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Очиғи, ташкилотнинг аввалги нуфузини тиклаш борасидаги вазифа кучимизга куч қўшмоқда. Шу ишонч билан ҳаракат қилар эканмиз, аввалги мавқедан ҳам юқорироқ даражани эгаллашга умид билдираман. Негаки, айни кунларда «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфида 12 та ўқув спорт техника клуби ҳамда вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази бўлиб, улар ёшлар ва фуқароларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдириш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантирилиши ва оммалаштириш, спорт ташкилотлари ва жамоалари фаолиятига кўмаклашиш, болалар, ўсмирлар ва чақирувгача бўлган ёшлар ўртасида оммавий спорт ишларини ташкил этиш ва ўтказиш каби йўналишлар бўйича фаолият олиб бормоқда.
Гарчи бу йўналишлар доирасидаги фаолиятимиз ҳам ўзига яраша қамровга эга бўлса-да, биз бу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Эндиги вазифа – ташкилот фаолиятини янада кенгайтириш ва янгилашдан иборат.
– Янгиланиш ва ўзгаришлар учун моддий-техник асослар етарлими?
– Мавжуд имкониятларнинг ўзи билан ҳам кўп ишларни амалга ошириш мумкин. Ташкилотимиз тасарруфидаги ўқув спорт техника клублари ҳамда вилоят техник ва амалий спорт турлари марказида «А», «В», «ВС» тоифали автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва «С», «Д», «Е», «ВЕ», «СЕ» тоифалар бўйича қайта тайёрлаш ишлари сифатли ташкиллаштирилган бўлиб, 2020 йилда 16 минг 425 нафар ҳайдовчиликка номзодни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари амалга оширилди.
Тизимдаги барча ўқув ва спорт ташкилотлари барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Бундан ташқари, Наманган шаҳар ўқув спорт техника клуби томонидан мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун 3,5х5,5 ҳажмдаги кўчма электрлаштирилган аҳоли яшайдиган ҳудуд макети ташкил қилинди. Янгиқўрғон туман ўқув спорт техника клуби томонидан умумтаълим мактабида ЙҲҚ бўйича синф хонаси, Поп тумани ўқув спорт техника клуби томонидан мактабгача таълим муассасасида «Пиёдалар шаҳарчаси» ишга туширилди.
Шунингдек, вилоят кенгаши тасарруфидаги ўқув ва спорт ташкилотлари автомобил паркида замонавий енгил ва юк автомобиллари етарли бўлиб, улардан ўқув автомобили сифатида фойдаланилмоқда.
Ташкилотларнинг автомобил саройи доимий равишда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган замонавий автомобиллар билан бойитилмоқда. 2020 йилда вилоят кенгаши тасарруфидаги ўқув ва спорт ташкилотлари автомобил паркини замонавий автомобиллар билан таъминлаш мақсадида 42 та енгил ва юк автомобили харид қилиниб, ўқув автомобили сифатида жиҳозланди. Кўриниб турибдики, ташкилотимиздаги моддий-техник асослар салмоқли даражада. Бироқ юқорида эслатганимдек, биз қўл қовуштириб ўтирмоқчи эмасмиз. Изланамиз ва яна янги манбаларни топамиз. Бу – тараққиёт талаби.
– Ёшларни спортнинг техник ва амалий турларига кўпроқ жалб этиш, бу борада оммавийликни таъминлаш бўйича ортда қолган йилда қандай тадбирлар ўтказилди?
– Пандемия бўлишига қарамай 2020 йилда бир қанча оммавий тадбирларни ўтказдик. Айниқса, йил охири биз учун ғоят қизғин ўтди. Жумладан, «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши ва унинг тасарруфидаги ташкилотларда ёзги олимпиада ўйинлари дастурига киритилган «Ҳаво милтиғидан ўқ отиш», «Триатлон», «Ёзги биатлон», «Дуатлон», «Моделсозлик», «Ракетамодел», «Авиамодел», «Эркин учувчи авиамодел», «Корд авиамодель», «Радиоспорт», «Картинг», «Автоспорт», «Авторалли», «Автомобил халқа пойгаси», «Мотоспорт», «Ҳарбий амалий кўпкураш» турлари бўйича тўгарак ва секциялар фаолият юритиб келмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида 2020 йилдан бошлаб «Ватанпарвар» ташкилотининг техник ва амалий спорт турлари таркибига кирувчи авторалли ва мотокросс спорт мусобақаларини тизимли ўтказиш орқали спорт туризмини ривожлантириш вазифаси белгилиб берилди. Фармон ижроси доирасида вилоят спортчиларини Республика ва халқаро спорт мусобақаларида фаол иштирокини таъминлаш ва етакчи спортчилар билан тажриба алмашиш мақсадида «Ватанпарвар» ташкилоти Учқўрғон тумани ўқув спорт техника клуби томонидан халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган умумий узунлиги 1050 метр бўлган уч йўналишли янги замонавий «Картодром» қайта барпо этилди. Ушбу картодромда вилоят, Республика ва халқаро даражадаги спорт мусобақаларини сифатли ва тизимли ўтказиш юзасидан Тошкент шаҳридан «Ватанпарвар» ташкилоти Республика техник ва амалий спорт турлари марказининг етакчи мутахассислари таклиф этилиб, картинг трассаси лойиҳаси тайёрланди.
Ўтган йилнинг 5-8 ноябрь кунлари ушбу картодромда «Картинг пойгаси» бўйича Ўзбекистон чемпионати ва биринчилиги ўтказилди. Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 150 нафарга яқин спортчи иштирок этди.
Ҳозирги кунда туман ва шаҳар ўқув спорт техника клублари қошидаги 59 та секцияда 31 нафар тренер минг нафарга яқин ёш ўғил-қизларга спортнинг техник ва амалий турлари бўйича сабоқ бермоқда. 26 маротаба клуб, 55 маротаба туман ва шаҳар, 18 маротаба иилоят, 5 маротаба Республика мусобақалари ўтказилди.
Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.