Ватанни жон деб билган шоир
Бугун шоир Муҳаммад Юсуф туғилган кун. Ҳаёт бўлганида умрининг олтмиш олтинчи баҳорини биргаликда кутиб олаётган бўлардик.
Бугун шоир Муҳаммад Юсуф туғилган кун. Ҳаёт бўлганида умрининг олтмиш олтинчи баҳорини биргаликда кутиб олаётган бўлардик. Тўлиб-тўлиб, энтикиш билан шеър ўқирди, ҳар қандай расмий йиғинни бир зумда шеърхонликка айлантириб юборарди. Йиллар ўтгани сари унинг беғубор, латиф ва назокатли шеърияти ёшларимизни адабиётимизнинг гўзал боғлари сари етаклашда давом этмоқда. Демакки, шоир биз билан ҳамиша бирга.
Шоир вафотидан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Муҳаммад Юсуф замондошлари хотирасида” тўпламини тайёрлаш ишлари бошланди. Хотираларни тўплаб, нашрга тайёрлаш бадиий публицистика кенгашининг раиси сифатида менга топширилди. Иш рисоладагидек бошланди – олтмиш-етмиш киши шоир ҳаёти ва ижодига доир хотираларини белгиланган пайтдан кечиктирмай ёзиб беришди. Аммо қўлёзмаларни нашрга тайёрлашни бошлаганимда, тўғриси, бу ишга бош-қош бўлганимдан афсусланиб кетдим. Мендан бошқа киши ҳам тўғри йўлни тополмай бошини ушлаб туриб қоларди. Нега дейсизми?
Айтишга тил бормайди: хотираларда рост билан ёлғон, бўлган билан бўлмаган, қисқаси тўқима-бежама шу қадар кўп эдики... Баъзи муаллифлар дафн маросимида қатнашмаган, нима бўлганидан мутлақо бехабар бўлсалар ҳам, Муҳаммаджонни охират сафарига кузатиб қўйганлардан кўра кўпроқ ёзишган, ҳар хил тахминларни бемалол қоғозга туширишган. Гапим қуруқ бўлмасин учун, бир-иккита мисол келтирай. Хотираларда “Шоир бизникига тез-тез келиб турарди, мендан маслаҳат сўрарди”, “Шоир билан ҳамиша бирга бўлардик, фалон шеърини биринчи бўлиб менга ўқиб берган, фикрларимни инобатга олган”, “Бир куни иккаламиз бизникида ярим кечагача ўтирдик, дастурхон зўр бўлди, оиламизга бағишлаб шеър ёзишни ваъда қилганди...”, “Кимдандир жаҳли чиқса ёки нимадандир кўнгли тўлмаса, дарҳол менга қўнғироқ қиларди” ва шу каби иддаолар жуда кўп эди. Бир-икки иши билан маслаҳатлашсам, “Ўзи ҳамиша шундай бўлади, бемалол қисқартираверинг, бошқа иложи йўқ, “Абдулла Қаҳҳорни Москвага даволанишга мен кузатганман”, деб ёзганлар қанчалигини (аслида бир киши) биласиз-ку”, дейишди. Чиндан ҳам, бошқа илож йўқ эди. Адолат ҳаққи, “қайчи”ни қўлга олиб, хотираларнинг пуфак жойларини қисқартирдим, баъзилари тўпламга кирмай ҳам қолди, аммо тўғри иш қилдик.
Тўпламга менинг ҳам хотираларим кириши керак. Негаки, топшириққа биноан, дафн маросимини ташкил этишга бош-қош бўлгандим. Ҳаво иссиқ эди. Ўша куни Нукус-Тошкент йўналишида рейс бўлмагани учун, Урганчдан учган самолётни Тошкент аэропортида кутиб олиб, майитни Андижонга учадиган самолётга олиб ўтдик. Абдулла Орипов, Сирожиддин Саййид ва мен шу самолётда учдик. Вилоят ҳокими Қобилжон ака кўпни кўрган, эл-юртга яқин одам-да, зарур тайёргарликни кўриб қўйишган экан. Андижон аҳли кўчаларни тўлдириб, аэропортдан то Марҳаматга етгунимизча кўзларида ёш, “Ўлим ҳам бир сайр, она” деган шоир билан видолашдилар. 1973 йили Италия пойтахтининг 5 миллион аҳолиси, сон-саноқсиз меҳмонлар олтмиш олти ёшида бу ёруғ оламни тарк этган машҳур киноактриса Анна Маньянини олқишлар билан сўнгги йўлга кузатишгани ёдимга тушади.
Мансаб отида ўтирганингда баъзан ўта мушкул вазифаларни бажаришга ҳам тўғри келади. Қаршида Абдулла Ориповга оталарининг вафоти муносабати билан давлат раҳбари номидан ёзилган ҳамдардлик мактубини топширдим, устоз Иззат Султоннинг дафн маросимида шогирдларнинг “Нега фалончи-фалончилар кўринишмаяпти?” деган ҳиссиётли саволларига жавоб қайтаришимга тўғри келди. Аммо... бу галги топшириқ – Муҳамаджоннинг онасига таъзия мактубини топшириш, Ислом аканинг ҳамдардлигини билдириш ҳаммасидан оғир бўлди. Булбул ўғлидан жудо бўлган онаизорни юпата оладиган сўз борми ўзи?
Марҳаматда дафн маросимига одам тўплана бошлади. Абдулла Ориповнинг видолашув сўзи ўта таъсирчан чиқди, Сирожиддин Саййид кўзлари намланиб шеър ўқиди. Маросимда мен ҳам сўзладим. Юрагим ҳапқириб кетди, тумонат одамнинг ўкинчли нигоҳлари юкини сезиб турибман. Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ ҳазратларининг оталари, андижонликлар ҳурмат билан “Ҳожи дада” дейдиган нуроний отахон кутилмаганда мени олдиларига чақириб, “Ўғлим, сизнинг Қўқонда Нурилла ҳожининг таъзиясидаги маърузангизни эшитганман, кўп маъқул гапларни айтгансиз, жанозагача бироз вақтимиз бор, бугун бу булбул шоиримиз ҳақида ҳам сўзлаб беринг, биз дуо қиламиз”, деб қолдилар.
Ўзимни аранг тутиб турибман. Одамлар менга, мен уларга қарайман. Худди баҳордаги ялпи ҳашардай, ҳовли саҳнини кетмону белкурак билан қиртишлаб тозалашмоқда, ҳовли ташқарисига, кўчага, қабристон йўлига жазиллатиб, кўнгилни беҳузур қиладиган иссиқ асфальт босилаётир. Катта-катта одамлар, улар орасида турли даражадаги лавозим эгалари, бу ишни умрида қилмаганлар, бундан кейин ҳам қилмайдиганлар бор, қўлларига челак олиб, ҳовлига, йўлакларга, жаноза ўқиладиган майдончага сув сепишмоқда, кимдир телефонда кимгадир топшириқ бермоқда, кимнидир имиллашда айбламоқда, кимдир яна кимнингдир қулоғига бир нималарни шивирлайди, шунчаки уёқдан буёққа ўтиб юрганлар қанча. Хуллас, ҳамма фавқулодда фаоллашиб, катта бир ишга бел боғлагандай ҳаракат қилишмоқда.
Гапимни кўнглимга келган надоматли бир фикрдан бошладим. Ай, бу ишларни шоирнинг кўзи очиқлигида қилсак бўлмасмиди, ҳамиша кеч қолиб юрамиз, таъзияни кутамиз, ҳамма жойда шу, нега шундай қиламиз, кўзимиз қачон очилади, дедим. Самад Вурғуннинг машҳур шеъридан сатрлар ўқидим, саодатли ўлим топиш неъмат эканлигини айтдим. Яна бир гап тилимга келди.
1998 йили Муҳаммад Юсуф билан бирга Тошкент Тиббиёт институти талабалари билан учрашувга боргандик. Талабалардан бири Муҳаммаджонга “Ватан сиз учун нима, Ватанни сиз қандай тушунасиз?” деб савол берди. “Сингилжон, – деди шоир ҳаяжон билан, – мана сиз, ўқишни тугаллаб врач бўласиз. Беморларни даволайсиз. Айтингчи, жонсиз ўлик танани даволаш мумкинми? Йўқ. Ватан мен учун – жон. Жонсиз яшаб бўлмаганидек, Ватансиз ҳам яшаб бўлмайди. Жон ширин дейишади. Ватан жондан ҳам ширин. Ҳаётимни, олаётган ҳар нафасимни, босаётган ҳар қадамимни, айтаётган ҳар сўзимни шу ширин жонсиз тасаввур қила олмайман. Мен Ватанни шундоқ тушунаман, сиз ҳам шундоқ тушунинг, синглим, дугоналарингизга, домлаларингизга айтинг, улар ҳам шундоқ тушунишсин...”.
Йиғилганларга шу гапни айтиб бердим. То ҳануз қаерда Ватан ҳақида гап кетса, Муҳаммаджоннинг шу сўзларини келтириб ўтаман.
Хотира китобга шу сўзларим кирди, холос. Бугун ҳурматли ўқувчиларга устозларнинг ўша тўпламга кирган мақолаларидан айрим парчаларни ҳавола этмоқчиман:
Озод Шарафиддинов: “Муҳаммад Юсуф деган шоир шеъриятга қандай кириб келганини адабиётимиз сезмай ҳам қолди. Аммо у тезда, ҳаммани ҳайрон қолдириб, оғизга тушиб кетди. Унинг ижоди ҳақида гап кетганда, кўпинча қўшиқларини тилга оладилар. У қўшиқ ёзган ҳам, ўзининг қўшиқчи шоир ҳисоблаган ҳам эмас. Унинг ёзганлари ниҳоятда долзарб мавзуда ўта жиддий, аммо халқ дилига жуда яқин ва равон тилда ёзилган. Шунинг учунми, ҳофизлар уларни қўшиққа солиб юрадилар. Бу қўшиқлар қўшиқчиликни баланд поғоналарга олиб чиқди. Қанча-қанча хонандаларни элга танитди. Муҳаммад Юсуф қўшиқлари билан эмас, аввало халқ дардини баралла айтган, юрт муҳаббатини ҳеч кимга ўхшамаган мисраларда таърифлаган шеърлари билан танилди, шуҳрат қозонди.
Муҳаммаднинг шеърлари бир қарашда жуда содда, жўн ёзилганга ўхшаб туюлади. Аммо унга ўхшатиб ёзиб кўринг-чи? Қўлингиздан келмайди! Унинг осон ёзиладиганга ўхшаб кўринган мисралари мухлисларини йиғлатади, кулдиради, ўз оғушига тортиб олади. Одамлар унинг китобларини дўконлардан қидириб юрадиган бўлдилар. Муҳаммад Юсуф Худо берган қобилият эгаси эканлигига ўзим гувоҳ бўлганман.
Бир даврада Чўлпоннинг “Кўклам” шеъри тўғрисида гап борди. У менинг таърифимдан таъсирланиб кетдими, ичкари хонага кириб кетди-да, 10-15 дақиқа ўтгач чиқиб, қўлимга “Кўкламойим” шеърини тутқазди. Уни менга бағишлаганини айтди. Шеърни ўқиб, кўзимдан ёш чиқиб кетганди ўшанда. Муҳаммаджон камдан-кам туғиладиган истеъдод эгаси бўлиши билан бирга, камдан-кам шоирда учрайдиган хислат эгаси – шуҳратдан қочадиган камсуқум инсон эди. У шуҳратнинг эмас, шуҳрат унинг ортидан қувиб юрарди.
Муҳаммаджоннинг ёшлик, йигитлик йиллари Тошкентдай шаҳри азимда ўтди. У шу ерда омадини, бахтини, шон-шуҳратини топди. Шошнинг болохоналарида “шоир” деган унвонга эришди... Унга мустақил юртни, озод халқини кўриш насиб этди. Юртнинг энг улуғ байрамларида унинг қўшиқлари баралла янграйдиган бўлди...”
Абдулла Орипов: “Ажал якка ов қилади дейишади. У ҳеч ким билан маслаҳатлашмас, бошқаларнинг иродасини назар-писанд қилмас экан. Бевақт ўлим адабиётимиз гулшанида барқ уриб очилиб, яшнаб турган бир чечакни узди-ю кетди. Муҳаммаджонни марҳум дейишга ҳеч тилимиз бормайди. Аммо начораки, бу бор гап. Чинакам шоирнинг қалбида соҳир қуш доимо сайраб туради, деган гапни кўп бора эшитгандик. Ўша қуш айнан Муҳаммаджоннинг юрагида ошён қурганига мен астойдил ишонганман. Унинг кўзлари ҳам, чеҳраси ҳам ҳамиша латиф бир куйни хониш қилаётгандай эди. Мен Муҳаммаджон билан узоқ йиллар ёнма-ён яшаб, ёнма-ён ишладим. Ҳали ёшлик йилларидаёқ бунчалик кўп мухлис орттирган, дўст-оғайниси бисёр ижодкорни кам кўрганман. Санъаткорлар-ку, унинг ҳар бир мисрасини созга олишга тайёр эдилар. Буларнинг сабаби нимада? Биринчи навбатда Муҳаммаджон яхши инсон эди. Яхши инсонларга бошқалар ҳамиша талпинадилар. Одамдан одам узоқлашишини Худойим ҳеч кимга кўрсатмасин. У обрў талашмас, иззатини сўроқлаб югуриб юришдан ор қиларди. Худди шундоқ яхши инсонгина яхши ижодкор бўлиши табиий ва қонунийдир. Шу каби юксак фазилатлар туфайли Муҳаммад Юсуфни халқимиз ардоқлади. Юртбошимиз унга оталарча меҳр кўргазди, хизматларини давлатимиз муносиб баҳолади. Муҳаммад Юсуф қисқа умр кечирди. Ундан чинакам бетакрор ижодий мерос қолди. Ҳақиқий маънодаги барҳаётлик, завол билмаслик Муҳаммад Юсуф ижодига тааллуқли бўлган десам, иншооллоҳ, хато қилмагайдирман. Жойинг жаннатда бўлсин, укажоним!”
Эркин Воҳидов: “Муҳаммад Юсуф шеъриятини чин маънода қанотли шеърият, юрт осмонида баланд парвоз қилувчи, юракларга қанот бергувчи шеърият деса бўлади. Ҳар бир ҳунар умр давомида ўрганиб борилади. Лекин ижодий ҳунарнинг ўз хусусияти бор. Истеъдод туғма бўлади. Инсоннинг зуваласида ижодкор фазилати, олови бўлмаса, ҳавас билан, меҳнат билан шоир бўлиш мумкин эмас. Муҳаммад Юсуф туғма шоир эди. Илк шеърлари биланоқ эл назарига тушган, мухлислар орттирган эди.
Саксонинчи йиллар бошида мен “Ёшлик” журналида ишлар эдим. Журналимизга Муҳаммаджон Юсупов имзоси билан бир ёш ҳаваскор шоирнинг шеърлари келди. Шеърларнинг ҳаммаси мағзи тўқ, фикрга бой, теран ва самимий эди. Лекин у замонда белгиланган тартибга кўра ёш ҳаваскорнинг фақат битта, нари борса иккита шеъри босилар, газета-журналларда катта ўрин фақат таниқли шоирларга бериларди. Биз таҳрир ҳайъатида маслаҳатлашиб бу қуюшқонни бузишга қарор бердик. Муҳаммаджоннинг ҳамма шеърлари тўла саҳифа бўлиб “Ёшлик” журналида чиқди. Биз бу ишни ёш шоирга марҳамат сифатида эмас, балки журналнинг обрў-эътибори учун, ёшлар ичида кенг тарқалиши учун қилган эдик. Дарҳақиқат, ўша туркум шеърлар овоза бўлди. Ёш шоир биринчи қадамданоқ эл оғзига тушди...
Муҳаммаджон қисқа умр кўрди. Шам сингари ёниб яшади ва ўзидан сўнмас оташ, ёруғ из қолдирди. Бу оташ шоирнинг ёдини, иккинчи умрини асрларга туташтиражак”.
Сирожиддин Саййид: “Муҳаммад Юсуф шеърияти ўз-ўзидан яралгани йўқ. Худо берган бу истеъдод “Шувоқлари кўчган эски уйлар”, ажин босган азиз ва қадрдон юзларни эслатувчи ним нураган пахса деворлару тупроқ кўчаларнинг тунги сукутларидан, онаизорларнинг меҳру соғинчлари, оталарнинг умрий заҳматлари иси келгувчи яктак-чопонлари, сулув қизларнинг кулгулари-ю қошу киприклари аро ўсма майсасидек кўкариб, барг ёзиб камол топди. Бу шеърият меҳру соғинч, дарду ҳижрон, тириклик ва ўлим, дийдор ва айрилиқ тарбиясини олган, шунинг учун унда меҳр ҳам, соғинч ҳам бисёр. Шоир савол бермайди, жавоб ҳам сўрамайди. Шеърлар сизни сўроққа тутмайди. У бор-йўғи кўнглини тўкади, шеър шаклида саҳифаларга тўкилган кўнгил кишига юк юкламайди, сиз уларни шундоқлигича, яъни шеърларни кўнгил мисол, кўнгилни шеърлар янглиғ қабул қиласиз. Бу шеърлар дарҳол, дафъатан сизнинг биродарингиз, ёру синглингиз, онангизу Ватанингизга айланиб қолади. Беихтиёр баҳор гул-чечакларини сочаётган жозиб оқшом аро унинг ўйчан қиёфаси гавдаланади, дийдалари остида бир жуфт безовта қуш ин қурган, яхшилаб тикилсангиз – кўклам ёмғирларида ивиган оқ кўйлаги остидан озғин жуссаси ичра юраги кўриниб тургандай... Уни эл рағбатига сазовор этган шеърлари деҳқон қўлидаги нондай жайдари ва соддавашдир. Уларда даъво йўқ, ўзига маҳлиёлик ва бодилик йўқ. Шеърлар – кўнгил боғининг шавқ шамолларида шовуллаб тўкилган япроқларидир. “Жайрон, нега кўзинг тўла ёш?” дейилган, бир боғнинг раҳму шафқати беркиниб ётган сатргинада жайрон кўзларини далаларнинг ғубори чулғаган ой-сингиллар учун бир дунё меҳр бордир”.
Муҳаммад Юсуф, андижонлик Ҳожи дада айтганларидай, чинакам булбул шоир эди.