Ватанга хизмат – юксак шараф
Наманганда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг ўттиз уч йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбирлари кўтаринки руҳда нишонланди.
“Хотира хиёбони”да давлат ва жамоат ташкилотлар вакиллари, вилоят фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ҳарбий хизматчилар, меҳнат фахрийлари ва ёшлар жам бўлди.
Давлат хавфсизлик хизмати, чегара қўшинлари, мудофаа, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, божхона, миллий гвардия бошқармалари ҳарбий хизматчилари саф тортди. Давлатимиз мадҳияси янгради.
Ҳарбий оркестр садолари остида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига Наманган вилояти ҳокимлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ва муассасалар, фуқаролар томонидан гуллар қўйилди.
Вилоят мусиқали драма театрида ўтказилган тантанали байрам тадбирида Наманган вилоят ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектори бошлиғи Шавкат Абдураззоқов, Шарқий-ғарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Ойбек Саидов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз тезкор ва ихчам, ҳар қандай таҳдидларга муносиб жавоб қайтара олувчи жанговар куч сифатида шаклланганлигини эътироф этди.
[gallery-21266]
Таъкидланганидек, тарихан қисқа давр ичида мамлакатимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиямиз мавжудлиги энг аввало, амалга оширилаётган “Халқ ва армия – бир тану бир жондир”, деган эзгу ғоянинг яққол самарасидир.
Байрам тадбирида, мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз ва давлат хавфсизлигини қўриқлаш, фуқароларни тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, жамоат тартибини сақлашдаги фидойилиги учун ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи Наманган вилояти ҳокимининг фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
– Бугунги кунда Ватанимизга садоқат билан хизмат қилиш – ҳар бир инсон учун шарафли бурчга айланди. Зеро, армия сафларида хизмат қилиш Ўзбекистоннинг йигит-қизлари учун чинакам ибрат мактабидир, – дейди Поп туманида жойлашган Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм фахрий қоровул бўлинмаси сержанти Абдурауф Абдузоиров. – Бундан саккиз йил аввал, Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан Наманган вилоятига келиб, йигитлик бурчимни адо этганман. Кейинчалик шартнома асосида ҳарбийлик фаолиятимни бошладим. Ҳарбийлик – садоқат, ҳушёрлик, фидойиликни тақозо қилади. Бу муҳим жиҳатларни ўзимда мужассам этишга астойдил интилмоқдаман. Бугун менга кўрсатилган эътибор ўз ишимга бўлган масъулиятни икки ҳисса оширади.
Таниқли санъат усталари ва ёш хонандалар ижросида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган концерт дастури намойиш этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА