Ватанга хизмат қилиш шарафдир
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Ҳали-ҳали ёдимда, болалигимизда дадам сингилларим билан Жиззах шаҳрига саёҳатга олиб бориб, музейни томоша қилдиргач, Жиззах ҳарбий авиация олий билим юрти яқинида жойлашган ошхонада овқатланаётганимизда шундоққина яқинимиздан бир гуруҳ ҳарбийлар ўзларининг ошхоналарига тушлик қилгани ўтиб қолишган ва улар орасида ҳарбий кийими ўзига бичиб қўйгандек ярашган, хипчадан келган, бўйлари ҳам баландгина бир аёл эътиборимни тортганди.
Ўшанда унга жуда-жуда ҳавасим келганди. Уйимизга қайтаётиб дадамга “Дадажон, мен ҳам, катта бўлсам, албатта, ҳарбий бўламан!” дея хаёлимда пайдо бўлган истагимни айтдим.
Дадам “Астойдил ҳаракат қилсанг, Худо хоҳласа, албатта, орзуингга эришасан. Баракалла қизим!” дея елкамга қоқиб қўйдилар. Дадамнинг бу мақтовидан сингилларим олдида гўё бир қарич ўсгандек, ўз хаёлимдан болаларча ғурурланиб қўйдим.
Орадан йиллар ўтди, анча-мунча сувлар оқиб кетди. Болаликдаги орзу борган сари менинг қалбимга тобора сингиб бораверди. Ўша болалик орзуларимни амалга ошириш учун, дадажоним айтганидек, астойдил ҳаракат қилдим. Лекин ўша пайтларда қизларнинг ҳарбий бўлиши у ёқда турсин, уйидан узоқдаги техникум ёки институтга ўқишга юбориши ҳам амримаҳол эди.
Аяжоним “Қиз болага ҳарбийда бало борми?” деб қарши чиққан бўлсалар-да, дадам мени ҳар томонлама қўллаб-қувватладилар, қўлларидан келганича ёрдам қилдилар. Аямни ҳам, бошқа қариндошларни ҳам ўзлари кўндиргандилар. Ниҳоят орзуимга эришдим.
Бугун мен аёл бошим билан ҳарбийлик касбини танлаб асло адашмаганимга яна бир бор аминман. Турмуш ўртоғим ҳам шу соҳада хизмат қилди, ҳозир нафақада. Мени қувонтиргани ўғлимиз ҳам изимиздан бораётганидир. Бизнинг оиламиз учун мамлакат ҳудудлари тинчлигини асраш, Ватанни ҳимоя қилиш энг олий бурч ва улкан шарафдир. Буни бутун оила ҳис этиши эса чексиз бахт, деб ўйлайман.
Кейинги йилларда ҳарбийлар орасида борган сари аёллар сафи кенгайиб боряпти. Ўз ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, аёллар Ватанни ҳимоя қилишда эркаклардан асло қолишмайди. Аёл киши учун ҳарбий бўлиш осонмас, бироқ улкан фахр демакдир. Айниқса, дала ўқув машғулотларида қатнашиш хотин-қизлар учун ўзгача ва катта машаққатлар туғдириши шубҳасиз.Лекин менга ўзи қишлоқ қизи бўлганим учунми дала машқлари олам-олам завқ бағишлайди. Мен ҳозир ҳам Ватаним осойишталиги учун ҳар нарсадан, ҳатто жондан ҳам кечиб хизмат қилишга тайёрман.
Ватанимга хизмат қилиш мен учун шараф ва мен бундан фахрланаман.
Холида Худойбердиева,
кичик сержант.
ЎзА