Ватанга хизмат – олий шараф
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, эртамиз эгаларини мудофаа соҳасидаги бошланғич билимларга ўқитиш ва ҳарбий хизматга тайёрлаш, фуқароларни оммавий техник касбларга тайёрлаб, спортнинг техник ва амалий турларини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
- Мақсад, Ватанимиз хавфсизлиги, унинг қуролли кучлари, мудофаа қудратини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, кенг халқ оммаси, хусусан ёшларни Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлашдир, – дейди “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Неъматулла Ғофуров. - Бугунги кунда кенгаш тасарруфида 13 та ўқув спорт техника клуби ва вилоят техник, амалий спорт турлари маркази бўлиб, шаҳар ва туманларда, олис ҳудудларда техник-амалий спорт турларини ривожлантириш, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касблар мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида ютуқларга эришилди. Вилоятдаги ўқув-спорт техника клублари тарбияланувчиларидан сараланган “Юрт қалқонлари” жамоаси “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раисининг кубоги учун “Шунқорлар” ҳарбий-спорт ўйинларининг Республика босқичида муносиб қатнашиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритди.

Ўқув спорт техника клубларидаги ташкилотларда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган ҳаво милтиғидан ўқ отиш, триатлон, ёзги биатлон, шунингдек, дуатлон, моделсозлик, ракетамодел, авиамодел, эркин учувчи авиамодел, корд авиамодель, радиоспорт, картинг, автоспорт, авторалли, автомобиль халқа пойгаси, мотоспорт, парашют, ҳарбий амалий кўпкураш спорт турлари бўйича 59 та тўгарак ва бўлим фаолият юритиб келмоқда. Уларда 33 нафар тренер 770 нафар ўғил-қизга спортнинг техник ва амалий турларидан машғулот ўтмоқда.
Умуман олганда, жорий йилнинг шу даврига қадар спортнинг техник ва амалий турлари бўйича ўтказилган мусобақа натижаларига кўра, жами 12 та олтин, 10 та кумуш ва 13 та бронза медаллари қўлга киритилди.

Шунингдек, оммавий касб ходимларини тайёрлаш режасига асосан “А”, “В”, “ВС”, тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш ва “В-С”, “Д”, “Е”, “ВЕ” “СЕ” тоифалар бўйича қайта тайёрлаш ишлари ташкиллаштирилган. Ҳозирги кунда турли тоифадаги ҳайдовчиликка тайёрлаш мақсадида “Е-Аvтоmaktab” электрон платформасидан фойдаланилмоқда.
“Ёшлар дафтари”га киритилган ўғил-қизларни ҳайдовчилик курсларида ўқитиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги “Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида ҳар бир таълим олувчи ёш учун ўқув тўлов маблағларининг 75 фоизигача бўлган қисми “Ёшлар жамғармаси” ҳисобидан тўлаб берилмоқда. Ҳозиргача “Ёшлар дафтари”га киритилган 1616 нафар ёш ҳайдовчилик курсларида ўқиди.

Тизимда кўп йиллик меҳнатлари билан ёшларни Ватанга садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни спортнинг техник ва амалий турларига жалб этиш ҳамда оммавий техник касбларга тайёрлаш борасида фаоллик кўрсатиб келаётган “Ватанпарвар” ташкилоти фидойилари вилоят кенгаши томонидан муносиб рағбатлантириб борилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА