Ватанга таянч бўлайлик
Тинчлик – бебаҳо неъмат. Шу боис, инсоният мудом тинчликка интилиб яшайди.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Ватан ҳимоячилари байрами арафасида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган “Мен Ватанимга таянчман” мавзуидаги тадбирда ана шу ҳақда сўз борди.
Фахрий ҳарбийлар, соҳага ихтисослашган лицейлар ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этган тадбирда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти тарғиботчилари – “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири А.Мелибоев, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Ш.Ёрматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Р.Ярашева мамлакатимиз тинчлиги ва фаровонлигида ҳарбийларнинг ўрни беқиёслиги ҳақида гапирди. Ватанни севиш, унинг ҳар бир қарич ерини эъзозлаш, аввало юрт тинчлиги ва осойишталигига ҳисса қўшиб, уни ҳар хил бузғунчи бўҳронлардан сақлашда жонбозлик кўрсатишдан бошланишини таъкидлади.
– Ватанни севиш, асраш ҳақида гап кетганда кўп мисоллар келтириш мумкин, – деди А.Мелибоев. – Ҳиндистонга борганимизда ўзимизни дўппимизни бизга ялиниб, ёлвориб сотишга уринаётган сотувчини кўрдим. Ундан бироз нари кетгач, дўппиларимиз кўзимга худди ғарибдек кўрина бошлади. Чидай олмасдан ортимга қайтиб, ўша саккиз дона дўппини сотиб олиб, Ўзбекистонга олиб қайтганман. Ватанимнинг бир бўлагини ўша ерда қолдиргим келмаганди. Бу воқеани бежизга айтмадим. Ватан ҳақида ёзиш учун “Ватан” дея қичқирмаслик керак. Уни жимгина севиш ҳам мумкин. Ватанга қарата отилаётган биттагина тошни қайтара олсак, уни бадном қилишга қаратилган сўзнинг ёлғонлигини исботлаб, кенг жамоатчиликка етказсак, бу ҳам Ватанни чин севишдир.
“Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи, Ички ишлар вазирлиги Тошкент 1-сонли академик лицейи ўқувчиларининг бадиий чиқишлари даврага ўзгача файз улашди. “Булбулча” рақс дастаси ижросидаги қувноқ рақслар йиғилганларга байрамона туҳфа бўлди. Ватан, она тупроқ ва азиз халқимиз ҳақидаги куй-қўшиқлар, ифодали ўқилган шеърлар тадбир иштирокчиларига такрорланмас шукуҳ, кўтаринки кайфият, ифтихор ва ватанпарварлик туйғуларини улашди.
Тадбир сўнгида “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ҳамда Ички ишлар вазирлиги 1-сонли академик лицейи кутубхонасига “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан китоблар совға қилинди.