Ватанга садоқат – йигитнинг бурчи
Қаҳрамонлар номи барҳаёт
Бу йил Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами “Халқлар дўстлиги” санъат саройида катта тантана билан нишонланди. Экранда Ватанимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳақидаги видеоролик намойиши бошланганда бутун зал оёққа қалқиди. Ҳамюртларимиз кўзларида ёш халқаланди. Тинчлигимиз, мустақиллигимиз қадри учун жонини фидо этган йигитларнинг хотирасига ана шу тарзда ҳурмат бажо келтирилди.

Байрам тантаналаридан сал аввал мудофаа вазири генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов бир қатор Ватан ҳимоячиларига давлат мукофотларини топширди. Мукофотланганлар орасида паркентлик марҳум кичик сержант Обиджон Ўсаров ҳам бор эди. Марҳум ўғлига аталган «Содиқ хизматлари учун» медалини унинг отаси Комилжон Ўсаров мудофаа вазиридан қабул қилиб олар экан, қўллари титраб кетди. Елкалари оҳиста силкинди. Яноқларидан ёш думаласа-да, қаддини тик тутиб турди. Залга йиғилганларнинг олқиши қалбидаги ғуборларни тарқатиб юборди. Комилжон ака жойига келиб ўтирар экан, фарзандидан қолган ёдгорини меҳр билан бағрига босди.
– Қачон кетамиз, бобо? – деди шу пайт қучоғида ўтирган тўрт ёшли Шоҳруз унга шивирлаб.
– Кетамиз, кетамиз! – деди Комилжон ака ненварасини ўпиб. Ана шунда Шоҳруз ёноқларида бобосининг қайноқ нафасини туйди. Кўз ёшлари болакайнинг юзини нам қилди. Шоҳруз қўллари билан юзини артиб ташлар экан, бобосининг нега йиғлаётганини тушунмасди. Саҳнада бирин-кетин ҳарбий хизматчиларнинг “Ватанимга садоқат билан хизмат қиламан”, деган баралла овозлари янгради. Зал гулдурос олқишлардан ларзага келди, гўё. Ана шунда болакайнинг нигоҳи бобосининг қўлидаги медалга тушди.
– Бу кимники, – деди у бобосига суйкалиб.
– Отанга берилди, отанга, – деди Комилжон ака жиддий тортиб.
– Отамга? – деди Шоҳруз кўзлари чақнаб. – Дадам қаҳрамонми?
– Ҳа-а, сенинг отанг қаҳрамон юрт ҳимоячиси. Илоҳим унинг давомчиси бўлгин!
Медаль ва гувоҳномага ҳавас билан қараб турган жажжи болакайнинг кўзлари қувочдан порлаб кетди...
Кичик сержант Обиджон Ўсаров 1990 йил 15 майда Тошкент вилоятининг Паркент тумани Невич қишлоғида туғилган. Оиладаги уч ўғилнинг кенжаси эди. Паркентнинг тоғли ҳавосидан баҳра олиб улғайган йигит жисмонан бақувват бўлиб ўсди. Унинг Ватанга бўлган муҳаббати сўлим Невич қишлоғидан бошланганди. Мактабни тугатиб, муддатли ҳарбий хизматга отланди. Муддатли ҳарбий хизматдан кейин командирларининг тавсиясига кўра, контракт бўйича хизматни давом эттирди. Бир йигитга қирқ ҳунар оз, нақлига амал қилган ҳолда, куну-тун тиниб тинчимади. Жанговар машғулотлардан ташқари, спортнинг бир неча турлари билан мунтазам шуғулланишга вақт топа олди.
Обиджон ҳақида отаси Комилжон аканинг хотираларини сўраганимизда қисқагина “ – Ҳалигача уни бирор инсон ёмонлаб гапирганини эслай олмайман. Жуда фазилатли йигит эди. Ватанга бўлган садоқатини барча нарсадан устун қўярди. Ҳатто жонидан ҳам...”, – деди кўзлари ёшланиб.
Жавлон РАҲМОНОВ, подполковник, ҳарбий қисм командири:
– Кичик сержант Обиджон Ўсаров йўриқчи сифатида ўзидан кейин муносиб шогирдлар қолдирди. Регби, волейбол, енгил атлетика мусобақаларида мунтазам округимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келган. Етакчилиги, ташаббускорлиги ва тинимсиз изланишлари билан барчанинг ҳурматига сазавор бўлганди. Бир сўз билан айтганда, ҳарбий қисмимиз фахри эди. Жасорати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиши унинг Ватан олдидаги хизматиларига берилган юксак баҳодир. Яқин кунларда ҳарбий қисмимизда Обиджон Ўсаров хотира бурчаги ташкил этилиши режалаштирилган. Унинг оиласи билан алоқа ўрнатиб, фарзандларининг келажаги борасида ҳам эзгу ишларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Муҳаммадали ОРТИҚОВ, кичик сержант, сафдоши:
– Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида туғилиб ўсганман. Ватан ҳимоячиси бўлиш болалик орзуим эди. Чунки Сариосиё ва Узун воқеалари қаҳрамонларидан бири – маҳалладошим Дониёр Тожибоев жасоратини эшитиб катта бўлганман. Мактабимизда у ва унинг хизматдошларига бағишлаб ташкил қилинган хотира бурчагидаги маълумотларни такрор-такрор ўқирдим. Болалик орзуим амалга ошиб, эгнимга ҳарбий либос кийганимдан кейин, Ватан учун жон фидо қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини янада теран англаб етдим. Хизматдошим Обиджон Ўсаров ҳам сўнгги нафасигача бурчига содиқ қолди. У билан фахрланамиз. Унинг номи, ёди қалбимизда бир умрга муҳрланиб қолади...
Ҳусниддин ХИЗИРАЛИЕВ, кичик сержант, сафдоши:
– Марҳум дўстим Обиджон универсал жангчи эди. Чунки у Қуролли Кучлар тизимида ташкил этилган барча жанговар машқларда ҳамиша илғорлар сафида бўлган. Масалан, «Саян юриши», «Энг илғор тоғ ишғол гуруҳи», «Эльбурс ҳалқаси» каби мураккаб машғулотларнинг профессионали эди, десам адашмайман. Муҳаммадали Ортиқов, Нурбек Ниязимбетов, Зариф Назаров, Жўрабек Омонов, Оқилжон Рашитов, Шуҳрат Рустамов каби дўстлари билан биргаликда ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтганига кўп марта гувоҳ бўлганман. Ҳарбий альпинизм борасида юртимиз шарафини янада кўкларга кўтариш борасида режалари кўп эди. Ўзбекистон байроғини Эверест каби дунёнинг энг баланд чўққиларига олиб чиқишни ўз олдидаги бурчи деб биларди. Унинг амалга ошмаган ниятларини биз рўёбга чиқара олсак, дўстимизнинг ёрқин хотираси учун муносиб иш бўлади.
Яхшидан боғ қолади, деганларидек кичик сержант Обиджон Ўсаров қисқа умри давомида ўзидан яхши ном қолдирди. Фарзандлари 4 ёшли Шоҳруз, 2 ёшли Муҳаммадали ҳали вояга етиб, отасининг жасоратини теран англаб етади. Ўшанда улар Ватан учун жон фидо қилиш эр йигитларга хос эканлигидан, бу ишни амалга оширганлардан бири ўз оталари эканлигидан фахрланиб юриши, шубҳасиз.
Асрор РЎЗИБОЕВ,
“Ватанпарвар” мухбири.
ЎзА