24 апрель куни Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм ва муассасаларда ҳарбий хизматга янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар учун тантанали Ватанга қасамёд тадбирлари бўлиб ўтди.
Хусусан, пойтахтимиздаги “Ватанга қасамёд” мажмуасида ўтказилган маросимда мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов мудофаа вазирининг аскарларга табригини ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар юрт осойишталиги йўлида хизмат қилишга бел боғлаган ўғлонларга ўзларининг самимий тилакларини билдирдилар.
Аскарлар буюк аждодларнинг пок руҳлари олдида, Ватани олдидаги бурчини ҳалол бажаришга бел боғлаб, виждони, ор-номус ва шаънини ўртага қўйиб, Ўзбекистон Республикасига, халқига ва Президентига бир умр содиқ бўлишга, ҳар қандай машаққатли синов ва қийинчиликларда ҳам эл-юртининг юксак ишончини оқлашга яқинлари ва кенг жамоатчилик гувоҳлигида тантанали равишда онт ичдилар.
– Бугун сафдошларим билан бирга она Ватанимизга қасамёд қилганимиздан фахрланамиз, – дейди Пайариқ тумани, Накурт қишлоғидан оддий аскар Рамазон Акрамов. – Шуни алоҳида ишонтириб айта оламанки, жонажон юртимизга, Президентимизга, халқимизга садоқатли хизмат қилиб, ўз йигитлик бурчимизни мардонавор адо этамиз.
Асосий тадбирдан сўнг, ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали қўл жанги ва жанговар чиқишлар, концерт дастурлари намойиш этилди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментидан маълум қилинишича, бу каби тантанали маросимлар бугун барча ҳарбий округлар, ҳарбий қисм ва муассасаларда ўтказилмоқда. Жойлардаги маросимларда Мудофаа вазирлиги, ҳарбий округлар ва ҳарбий қисмларнинг масъул офицерлари томонидан ҳар бир юрт ўғлонига муддатли ҳарбий хизмат давомида улкан зафарлар тиланмоқда.
З.ЖОНИБЕКОВ,
ЎзА