Ватанга қасамёд юксак шараф
Мудофаа вазирлиги Шарқий ҳарбий округ қўшинларининг Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги ҳарбий қисм ва муассасаларида ўз хизматини ўтаётган янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ватанга қасамёд қилиш маросими бўлиб ўтди.
Дастлаб, мазкур қасамёдни ўтказиш режасига асосан янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар саф майдонида бўлинма командирлари томонидан сафланишди. Шундан сўнг, байроқдор гуруҳ ҳарбий қисмнинг жанговар байроқлари билан юриб ўтди. Қисм командирлари сафланган юрт ўғлонларини ватанга қасамёд қилишлари учун кўрсатма бергандан сўнг ҳарбий хизматчиларимиз бирин кетин қасамёд қилиш учун киришилди. Ба ҳақида Шарқий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Ғурур, садоқат ва ориятни энг олий қадрият, деб биладиган халқимиз учун бу шунчаки расмий тадбир эмас, балки йигитлик шаъни, ор-номусини ўртага қўйиб, ўз зиммасидаги масъулиятли ҳамда шарафли бурчни адо этишга бел боғлаш, аҳд-паймон қилиш маросимидир. Карантин талабларига амал қилинган ҳолда ўтказилган тадбирда ҳам ана шу жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ҳар бир аскарнинг чексиз қувонч билан бирга ўз ватанига хизмат қилиш олий фазилат эканлиги, уларнинг юз кўзидан билиш қийин бўлмади.
-Миллий армиямизда хизмат қилиш -ҳар бир йигитнинг орзуси,-дейди Фарғона шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскар Алишер Олимов. - Мен ана шу ниятимга эришганимдан фахрланаман. Ҳарбий қасамёд қабул қилганим эса ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан бири бўлиб қолиши, шубҳасиз. Аҳдимда қатъий туриб, жонажон Ўзбекистонимизга чин юракдан хизмат қиламан.
Жойларда ўтказилган тантанали маросимда округ масъул офицерлари томонидан ҳар бир юрт ўғлонининг қилган қасамёдида иштирок этиб уларга келгуси муддатли ҳарбий хизматида улкан зафарлар тилади.
Қўл жанги ва жанговар чиқишлар намойиш этилиб, тадбирда концерт дастури бўлиб ўтди.


М. Сулаймонов, ЎзА