Ватанга хизмат – олий бурч
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида биринчи босқич курсантларининг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида биринчи босқич курсантларининг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Сергели тумани ҳокимлиги мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар, курсантларнинг яқинлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Абдулла Қўлдошев, институт бошлиғи вазифасини вақтинчалик бажарувчи, полковник Дилшод Тoхтамуродов ва бошқалар мамлакатимизда олиб борилаётган янгидан-янги ислоҳотлар замирида халқимиз, айниқса, ёшлар манфаати кўзланганини қайд этди.

Ҳозирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида 700 нафарга яқин курсант таҳсил олмоқда. Уларнинг 150 нафардан ортиғи биринчи босқич тингловчилари ҳисобланади.
Қасамёддан сўнг институтнинг юқори босқичларида аъло баҳоларда ўқиётган ва жамоатчилик ишларида ўрнак бўлаётган иқтидорли курсантларга фахрий ёрлиқлар топширилди.
– Олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш ҳар бир йигит кишини орзуси, – дейди биринчи босқич курсанти Лазизбек Фармонов. – Бугун сафдошларим билан ҳарбий қасамёд қабул қилганлигимиз бизга янада масъулият, фахр ва ғурур бағишлади. Ишонаманки, мен ва сафдошларим ўз қасамёдимизга содиқ қолиб, она Ватанимиз, Президентимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилиб, йигитлик бурчимизни мардонавор адо этамиз.


