Ватандан яхши ёр бўлмас
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви томонидан референдум тарғиботига бағишлаб «Конституция ўзимизники» шиори остида тадбир ташкил этилди.
Пойтахтимиздаги «Дўстлик боғи»да бўлиб ўтган тадбирда кўриш бўйича ногиронлиги бор шахслар, ОАВ вакиллари ҳамда санъаткорлар иштирок этди.
– Янги қабул қилинаётган Конституция лойиҳасида ногиронлиги бор шахсларнинг манфаатлари ва ҳақ-ҳуқуқлари мустаҳкам таъминланаётгани қувонарлидир, – дейди Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раис маслаҳатчиси Бахтиёр Абдужабборов. – Илгари имконияти чекланган одамларга пенсиянгиз бор, сиз ишламасангиз ҳам етади, мазмунидаги гапларни айтишар эди. Эндиликда, имконияти чекланган инсонларни ишга қабул қилиш масаласига соғлом одамлар қатори муҳим деб қаралаётгани мени қувонтиради.
[gallery-11484]
Янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтириш ва механизмларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
– Мени улғайтирган, ўстирган, илм берган Ўзбекистонимни яхши кўраман, – дейди Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров. – Эркин Воҳидов айтганидек, «Яна Эркин қилур такрор, Ватандин яхши ёр ўлмас». Инсон учун энг яхши дўст, албатта, у яшаб турган Ватани, туғилиб ўсган юртидир. Ватанимизда бўлаётган ўзгаришларга бефарқ бўлмаслигимиз керак.
30 апрелда ўтказилиши режалаштирилаётган янги таҳрирдаги Конституциямиз халқ муҳокамасига қўйилиб, билдирилган таклифлар асосида янгиланяпти. Конституциямиз яна ҳам мукаммал бир ҳолатда вужудга келяпти. Тадбирда ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, Оролмирзо Сафаров ижросидаги қўшиқлар барчага манзур бўлди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА