
Бухоро шаҳридаги 12-умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Жаҳонгир Бахтиёров халқаро “Hippo” олимпиадасида юқори кўрсаткични қайд этди ҳамда ярим финалга йўлланмани қўлга киритди.
Жаҳонгирнинг бу ютуғида олий тоифали инглиз тили фани ўқитувчиси Мунаввар Ҳотамованинг ҳиссаси катта. У сабоқларида ҳамиша ўқувчиларига “Ватанда ўқи, жаҳонга танил!” деган ўгитни қайта-қайта уқтиради. Бунинг учун махсус мактабларда ўқиш шарт эмас, муҳими, тиришқоқлик, ўқиш ва изланиш.
Шу мактабнинг 6-синф ўқувчиси Жавоҳир Мирзоқулов ҳам устознинг сабоқларини олиб мазкур олимпиаданинг 2020 йилги ярим финалида юқори натижани қўлга киритди. Шунингдек, у “ESOL” Xalqaro тестида муваффақиятли иштирок этди. A1+ даражасини олди. Бундан ташқари, у 2020 йилда ”National Spelling Bee” халқаро олимпиадасининг финал босқичида 3-, жорий йилда эса “Eurasian Spelling Bee Lexical Skills Competition” халқаро танловининг республика босқичида 1-ўринни қўлга киритди. Айни пайтда кейинги босқичга қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
— Агар ўқувчидан кўп нарсани талаб қилмасанг, уларни юксак мақсадларни кўзлашга ўргатмасанг, ҳеч кимлигича қолиб кетади, – дейди муаллима. — Шу боис ҳам ҳар бир дарсимда ўқувчиларимга уларнинг ҳеч кимдан кам эмаслигини, агар исташса, чин дилдан интилишса, ҳар қандай юксак чўққиларни забт эта олишларига ишонч уйғотишга ҳаракат қиламан.
Муаллиманинг ана шундай сабоқларини олган шогирдларининг ўн нафари бугун дунёнинг нуфузли олийгоҳларида грант асосида таҳсил олмоқда.
Мактаб остонасидан турли Халқаро танлов ва олимпиадаларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритаётган шогирдлари ҳам кўп.
Мактабнинг 8-синф ўқувчиси Севинч Султонова ҳам “International Writing World Cupʼʼ халқаро танловида юқори натижа билан совринли ўринни эгаллади. “Hippo” олимпиадасида 70 баллни қўлга киритди. Финал босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Илғор тажрибага эга, маҳоратли ва жонкуяр устоз Мунаввар Ҳотамова бу каби шогирдлари сафини янада кенгайтириш, ўқувчиларининг янада улкан ютуқларни қўлга киритишлари йўлида астойдил изланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА