“Ватан тараққиётига менинг ҳиссам”
Самарқанд шаҳридаги Марказий ҳарбий округ маънавият ва маърифат марказида шу номдаги танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловда 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган иштирокчилар тасвирий ва амалий санъат, адабиёт, миллий мақом ва миллий эстрада йўналишларида ўз иқтидорини намойиш қилди.


– Илм-фан, санъат ва маданият, замонавий ахборот технологиялари, бадиий ижод соҳаларида фаолият юритаётган ва юқори натижаларга эришаётган иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни муносиб рағбатлантириш танловнинг асосий мақсади ҳисобланади, – дейди Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Фарҳод Назаров. – Шунингдек, истеъдодли ва ташаббускор ёшларнинг салоҳиятини ошириш, юқори натижаларни қўлга киритиши учун имконият яратиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш кўзда тутилган.


Танловда барча йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, мамлакат босқичига йўлланма олди.
Тадбирда фаол иштирок этган ва турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари