Ватан тараққиётида ёшлар етакчи куч
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Оролбўйи ёшларига ҳам қувонч ва ғурур бағишлади.
–Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январ кунги ”Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари туғрисида” ги қарори ёшларга оид давлат сиёсатини тўлақонли рўёбга чиқариш бўйича бизнинг олдимизда аниқ вазифаларни белгилаб берди, – дейди Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Амударё тумани бўлими бошлиғи Сардор Исмоилов. – Туманимизда ҳам ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янгича тизим асосида ишлар йўлга қўйилди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича штаб фаолияти йўлга қўйилиб, тегишли корхона ва ташкилотлардан масъуллар бириктирилди.

Ёшлар билан ишлашнинг “Маҳалла – туман – вилоят – республика” тизими яратилиб, “Ёшлар баланси” ни шакллантириш, аниқланган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни “Ёшлар дафтари“ га киритиш, ”Ёшлар дастурлари” ни ишлаб чиқиш тўлиқ якунланди. Туманда 49 та маҳалладаги Ёшлар етакчиси лавозимига танлов асосида 551 нафар номзод орасидан 49 нафар муносиб маҳалладаги ёшлар етакчилари саралаб олинди. Уларнинг 44 нафари олий, 5 нафари тугалланмаган олий маълумотга эга, 34 нафари ҳарбий хизматни ўтаган, 5 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади.
Шу билан бирга 49 нафар маҳалла етакчилари учун хизмат хоналари ва мебель жиҳозлари, компьютер жамланмалари ажратилди, барчасига планшетлар берилиб, интернет тармоғига уланди. Ҳар бир сектордан энг фаол бўлган ёшлар етакчилари орасидан жами 4 нафар сектор координатори сайланди. Шунингдек, 1 та намунали маҳалла белгиланиб, ёшлар масаласида тизимли ишлар тажрибаси оммалаштирилмоқда.

Маҳаллаларда “Ёшлар баланси” ни шакллантириш ва рейтинг кўрсаткичларини белгилаш ишлари бошланди. Жумладан, туманда мавжуд 49 та маҳаллада етакчилар томонидан 36 минг 50 та хонадонда 16-30 ёшдаги 44 минг 346 нафар ёш (20 минг 700 нафар хотин қиз) тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 5 та тоифа (бандлик, таълим, оилавий, ижтимоий ва саломатлик ҳолатлари) асосида “Ёшлар баланси” шакллантирилди. Шу асосда маҳаллаларнинг ёшлар билан ишлаш самарадорлиги кўрсаткичларини баҳолаш бўйича рейтинг кўрсаткичлари ишлаб чиқилиб, 49 та маҳалла 4 та (8,2 %) қизил, 32 та (65,3 %) сариқ ва 13 та (26,5 %) ”яшил” тоифага ажратилди.
Ёшлар муаммоларини “маҳаллабай” ҳал этиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш тизими йўлга қўйилди. Йил бошидан “Ёшлар дафтари”га 2 минг 168 нафар ёш киритилиб, “Ёшлар баланси” якунлари бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтожлар дафтарга киритилди. Жорий йилнинг 5 ойи давомида 1 минг 260 нафар ёш дафтардан чиқарилди. Ҳозирда туман бўйича 908 нафар ёш “Ёшлар дафтари"да қолмоқда. Жорий йил давомида 2 минг 890 нафар ёшнинг бадлигини таъминлашга эришилди.

Ёшларнинг тадбиркорлик ва ҳунармандчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 385 нафар ёшнинг тадбиркорлик фаолияти учун 5 миллиард 332 миллион сўм кредит ажратилди. Натижада 410 та иш ўрни яратилди. Қишлоқ хўжалигида ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида
1723 нафар ёшларга 434 га ер майдони ажратилиб берилди. Бундан ташқари, касб-ҳунар ва тадбиркорлик асослари бўйича 105 нафар ёш ўқитилди. 46 нафари “1+1” дастури асосида тадбиркор ва ҳунармандларга бириктирилди.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ва Маънавий ва маърифий тадбирлар бўйича ёшлар етакчисининг кунлик, ҳафталик ва ойлик иш режалари ишлаб чиқилди. Ҳар бир маҳаллада кунига камида 1 тадан тадбир ўтказиш тажрибаси жорий этилди. Шунингдек, мактабларнинг спорт ва фаоллар зали ҳамда компьютер ва кутубхоналарида ҳар куни соат 16:00 дан 23:00 гача спорт машғулотлари ва тўгарак йўлга қўйилиб, ҳар куни ўртача 900 нафардан зиёд ёшнинг бўш вақти мазмунли ташкил этилмоқда.
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида жорий йилнинг февраль-март ойлари давомида умумтаълим мактаблари ва профессионал таълим муассасаларидаги ўқувчи ёшлар ўртасида ”Ватанпарварлар”, ”Ёш чегарачилар”, ”Ёш қутқарувчи”, ”Ёш гвардиячи” ҳарбий-спорт мусобақалари ўтказилиб, минг нафарга яқин ёш қамраб олинган.
Ёшлар ўртасида ДХХ кубоги доирасида спортнинг футбол ва мини футбол тури бўйича мусобақалар маҳалла – сектор – туман босқичлари юқори даражада ташкил қилинди ва Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланма олинди.
Туманда “Беш ташаббус олимпиадаси” нинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 41 нафар ёш иштирок этиб, мусобақа ва кўрик танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Натижада “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида стол тенниси бўйича Нукус шаҳрида ўтказилган республика босқичининг “В” лигасида тумандаги “Бойовул” маҳалласида истиқомат қилувчи Маъмур Шарипов 27-30 ёш тоифасида биринчи, шашка бўйича қизлар ўртасида Андижон вилоятида ўтказилган мусобақада “Хитой” маҳалласида яшовчи Сановар Шарифбоева 27-30 ёш тоифасида биринчи, Бобур овули фуқаролар йиғинида яшовчи Умида Ибрагимова шашка бўйича 16-21 ёш тоифасида иккинчи ўринни, “Дўрман” маҳалласида яшовчи Ўринбоевлар оиласи “Ёш китобхон оила” танловининг бош соврини Президент совғаси “Спарк” автомобилини қўлга киритди.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган шароитларнинг амалдаги самарасидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганидек, меҳнаткаш ва бағрикенг, олижаноб халқимиз, билимли, фаол ва шижоатли ўғил-қизларим бор экан, биз ҳар қандай қийинчиликларни албатта енгиб ўтамиз.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири